Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Терма жамоаларимиз учун янада яхши шароит яратиш масалалари муҳокама қилинди
2021-11-18 | Спорт
Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги Қарор бир қанча йўналишларда масъул ташкилотларнинг иш фаолияти янада оптималлаштирилишини тақазо этади. Бу борада Ўзбекистон МОҚ раҳбарияти мунтазам иш олиб бормоқда.
Қўмита раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг ўринбосари Шерзод Ташматов мутахассислар билан терма жамоаларимиз билан ишлаш механизмини янада кучайтириш бўйича муҳокама ўтказди. Унда, шунингдек, Туризм ва спорт вазирлиги мутасаддилари ҳам иштирок этишди. Муҳокаманинг асосий мавзуси спортчиларимизнинг тайёргарлиги учун ажратиладиган маблағларни мақсадли сарфлаш, календарь-режадан келиб чиққан ҳолда пулларни тўғри йўналтириш масалалари бўлди.
Суҳбат давомида маҳаллий ва хорижий ўқув-машғулот йиғинлари режасини яна бир бор кўриб чиқиш, шаффоф селекция асосида терма жамоа таркибини шакллантириш мавзуларида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди. Учрашув якунида МОҚ раҳбари жамоаларимизга янада яхши шароит яратиб бериш учун бириктириб бериладиган спорт базаларининг имкониятини кўриб чиқиш, келгуси йирик комплекс мусобақаларда юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган захира спортчилари учун узликсиз йиғинлар ташкиллаштириш бўйича кўрсатма бериб ўтди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги