Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Россия-Ўзбекистон таълим форуми»да Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари тақдимот қилди
2021-11-18 | Инновация
Москва шаҳрида «Россия-Ўзбекистон таълим форуми» ўтказилди. Форумда Ўзбекистон ва Россия томонидан 100 нафарга яқин таълим ва илм фан-соҳаси учун масъул вазирлик ва идоралар вакиллари, олий таълим муассасалари ректорлари қаторида Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шаҳло Турдиқулова ҳам иштирок этди.
Вазир ўринбосари М.В. Ломоносов номидаги Москва давлат университетида бўлиб ўтган мазкур тадбирда маъруза қилиб, Ўзбекистондаги илм-фан ва инновацион фаолиятга қаратилаётган эътибор ҳақида тақдимот ўтказди. Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси механизми жорий этилгани, долзарб тематик мавзулар бўйича мунтазам равишда танловларни эълон қилиб бориш амалиёти татбиқ этилаётгани ҳақида гапирди. Грант тизими молиялаштирилаётган лойиҳаларнинг рақобатбардошлигига, сифати ва кўламига ижобий таъсир этаётганини таъкидлади.
Таъкидлаш жоизки, 2019-2020 йилги Ўзбекистон-Россия илмий-техник ҳамкорлик дастури доирасида 17 та умумий қиймати 3,5 млрд. сўм бўлган қўшма илмий-техник лойиҳалар амалга оширилди ва қатор муҳим илмий натижалар олинди. Бундан ташқари, вазирлик томонидан молиялаштирилаёган 13 та фундаментал лойиҳаларнинг ҳамраҳбарлари россиялик олимлардир.
Н. Турдиқулова илм-фан ва инновацион фаолият соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, бор имкониятлардан янада самарали фойдаланиш зарурлигини қайд этиб, қўшма лойиҳалар сони ва кўламини кенгайтириш, ёш олимлар учун стажировкаларни ташкил қилиш, илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари билан тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш ҳамкорликда илмий тадбирларни ўтказиш, биргаликда юқори малакали илмий ва муҳандис-техник мутахассисларни тайёрлашни йўлга қўйиш масалаларини илгари сурди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги