Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) делегациясини қабул қилди.
2021-11-17 | Иқтисодиёт
Учрашувда ЕТТБнинг молия институтлари бўйича бошқарувчи директори Ф.Малиж, Марказий Осиё, Мўғулистон ва Россиядаги молия институтлари гуруҳи директори Г.Орлов, ЕТТБнинг гендер масалалари ва иқтисодий интеграция бўйича директори Б.Рамбусек ҳамда Банкнинг бошқа вакиллари ва экспертлари ҳам иштирок этди.
Учрашув чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, Ўзбекистонда ЕТТБ томонидан молиялаштириладиган лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳамда муносабатларни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Яқин келажакда иқтисодий ислоҳотлар ва таркибий ўзгаришлар соҳасида давлат корхоналари ва банкларни хусусийлаштириш, шунингдек, молия сектори ва капитал бозорини ривожлантиришга қаратилган ҳамкорлик масалалари кўтарилди.
Ўзбекистон томони ЕТТБ томонидан банк сектори, тоғ - кон, кимё саноати ва экспорт салоҳиятини юксалтириш соҳаларида кўрсатилаётган маслаҳат ёрдами учун миннатдорчилик билдирди.
Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш йўналишидаги ҳамкорликдаги ишларни фаоллаштиришга келишилди.
Учрашув якунида иккала томон ҳам манфаатдор бўлган муҳим масалалар устида иш олиб борилди ҳамда муносабатларнинг кўриб чиқилган йўналишлари доирасида келгусидаги амалий ҳамкорлик тадбирлари белгиланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги