Брюссел шаҳрида "Ўзбекистон Республикаси – Европа Иттифоқи" Ҳамкорлик кенгашининг 16 йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияда иштирок этди.
Европа Иттифоқи делегациясига Кенгашнинг ҳамраиси сифатида Португалия Республикаси Ташқи ишлар вазири Аугусто Сантуш Силва раҳбарлик қилди.
Тадбир давомида Европа томони Ўзбекистонда адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини таъминлаш соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни олқишлади.
Ўзбекистон-Европа муносабатларининг бугунги ҳолати, қўшма дастурларни амалга ошириш, ҳамкорликнинг янги йўъналишлари, шунингдек, бўлажак учрашувлар жадвали юзасидан фикр алмашилди. Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим бўйича музокараларни тезроқ якунлаш муҳимлиги қайд этилди.
Иқтисодий алоқаларни жадаллаштириш, жумладан, савдо тўсиқларини бартараф этиш, минтақалараро ўзаро боғлиқликни ривожлантириш, қайта тикланадиган энергетикани қўллаб-қувватлаш, молиявий-техник ёрдам кўрсатиш, сайёҳлик ва таълим алмашинувларини жадаллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Европа Иттифоқи делегацияси Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати ва унинг натижаси ўлароқ Марказий Осиёда шаклланган ўзаро англашув ва яхши қўшничилик муҳитини юксак баҳолади. Расмий Брюсселнинг "Европа Иттифоқи - Марказий Осиё" шаклида минтақалараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёрлиги ма’лум қилинди.
Мажлис иштирокчилари Афғонистондаги вазиятни, шунингдек, афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.
Музокаралар якунида ОАВ учун қўшма матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги