Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хайрулло Бозоров Швейцариянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчисини қабул қилди
2021-11-16 | Сиёсат
Самимий мулоқот чоғида мамлакатимизнинг, хусусан Фарғона вилоятининг Швейцария билан йўлга қўйилаётган ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Вилоятнинг хорижий давлатлар билан иқтисодий-инвестицион муносабатлари борасида ҳам алоҳида сўз борди.
Вилоят ҳокими меҳмонларни Фарғона вилоятида кўриб турганидан мамнун эканлигини айтиб ўтди ва Константин Оболенскийнинг юртимиздаги фаолияти йиллари Ўзбекистон ва Швейцария ўртасидаги ҳамкорликнинг энг яхши даври бўлишини тилади.
Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган янги ташқи сиёсат натижасида сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Европа мамлакатлари, шу жумладан Швейцария билан алоқалар жадал суръатларда юксалиб бораётгани, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги даври бошланганига эътибор қаратилди.
Фарғона вилоятининг инвестицион салоҳияти юқори эканини, кимё саноати, текстиль, қишлоқ хўжалиги, мева-сабзавот етиштириш ва қайта ишлаш каби соҳаларнинг вилоятимиз иқтисодиётида катта ўрин тутишини алоҳида таъкидлаган вилоят раҳбари, Швейцария билан иқтисодиётнинг бу ва бошқа соҳаларида ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирди.
Жорий йилнинг август ойида мамлакатимизда ўз фаолиятини бошлаган Константин Оболенский илк ташрифини Фарғона вилоятидан бошлаганини, вилоятнинг салоҳияти билан яқиндан танишиш ниятида эканлигини қайд этди.
Шунингдек, Ўзбекистондаги ислоҳотлардан, хусусан, ҳудудларга ҳам кўплаб имкониятлар, ваколатлар берилаётганлигидан хабардорлиги, бу эса уларнинг хорижий давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишларида ҳам муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Элчи, Швейцария ҳамда Фарғона вилояти ўртасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация соҳасида алоқалар борлигини ва буни яна давом эттириб, ҳамкорлик тури ва кўламини кенгайтириш таклифларини билдирди.
Учрашувда муҳокама қилинган ҳамда ҳамкорлик қилиш бўйича келишиб олинган масалалар юзасидан алоқаларни кенгайтириб боришга келишиб олинди.
Манба: ЎзА