Европа Кенгаши президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича бош маслаҳатчиси билан учрашув тўғрисида
Брюссел шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегатсия Европа Кенгаши президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича бош маслаҳатчиси Саймон Мордю билан учрашди.
Мулоқотда томонларни қизиқтирган соҳалардаги Ўзбекистон-Европа ҳамкорлигининг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битим бўйича музокаралар жараёнини жадаллаштириш, хавфсизлик соҳасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, шунингдек, минтақалараро алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.
“Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” ва “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” шаклларида бўлажак тадбирлар жадвали юзасидан фикр алмашилди.
Афғонистондаги бугунги вазият ва унинг минтақавий хавфсизликка таъсирига алоҳида эътибор қаратилди. Афғонистон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишда жаҳон ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлиги ҳақида умумий фикр билдирилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги