Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон сайёҳлик саноатининг ютуқлари ва янги йўналишлари МДҲ Парламентлараро ассамблеяси қароргоҳида тақдим этилди
2021-11-16 | Туризм
TRAVEL HUB «Ҳамдўстлик» халқаро сайёҳлик форуми доирасида тиббий ва саноат туризмини ривожлантириш, саноатни рақамли ўзгартириш, шунингдек, МДҲ мамлакатлари сайёҳлик салоҳиятига бағишланган ялпи мажлис бўлиб ўтди.
МДҲ Парламентлараро ассамблеяси (ПА) бош қароргоҳида уюштирилган тадбирда ташкилотга аъзо давлатлар маданият вазирликлари раҳбарлари, шунингдек, Ҳамдўстлик мамлакатлари маданият арбоблари ва экспертлар иштирок этди.
Мажлисда МДҲга аъзо мамлакатларнинг ягона сайёҳлик майдонига интеграциялашиши бўйича истиқболли режалар, Ҳамдўстлик давлатлари ўртасида пандемия шароитида туризмни ривожлантириш имкониятлари, соҳани янада тараққий эттириш дастурлари ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Анжуманда тиббий туризм ҳам асосий мавзуларидан бири бўлди. Олимлар, соғлиқни сақлаш соҳаси ва сайёҳлик ҳамжамияти вакиллари ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари хусусида фикр алмашилди.
Йиғилиш иштирокчиларига Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги ютуқлари ва янги йўналишлари, мамлакатнинг хорижий сайёҳларни ўзига жалб қилиш имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Бундан ташқари, қатнашчилар республикада виза тартибини либераллаштириш, хорижлик фуқароларни рўйхатга олиш тартибини соддалаштириш, туризм саноатини ривожлантириш учун имтиёз ва преференциялар бериш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар билан танишди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги