Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фуқаролик жамиятини фаоллаштириш — минтақани инклюзив ривожлантиришнинг муҳим омили
2021-11-15 | Сиёсат
Пойтахтимизда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган Тошкент халқаро мунозара клубининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда маҳаллий ва хорижий экспертлар, етакчи таҳлил марказлари мутахассислари Марказий Осиёда фуқаролик жамиятини минтақани инклюзив ривожлантириш омили сифатида фаоллаштириш масаласини муҳокама қилди.
Барчага маълум, Марказий Осиё ноёб геостратегик жойлашувга эга. Минг йиллар давомида минтақа Европа, Яқин Шарқ, Жанубий ва Шарқий Осиёни боғлайдиган ўзига хос кўприк вазифасини ўтаб келган. Бу ерда улкан энергия ва минерал ресурслар тўпланган, бой маданий-тарихий меросга, энг муҳими, катта инсон салоҳиятига эга. Шу билан бирга, минтақада етакчи глобал кучларнинг рақобатдош манфаатлари кесишади.
– Сўнгги йилларда Марказий Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишончни мустаҳкамлашнинг ижобий тенденцияси ҳосил бўлмоқда, – дейди Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессори Улуғбек Ҳасанов. – Умуман, вазият 2016 йилгача бўлган давр билан солиштирганда анча яхшиланган. Бу – барчамизнинг катта ютуғимиз, бу – барча мамлакатларнинг қўшган ҳиссаси. Экспертлар ҳамжамияти Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистоннинг янги минтақавий йўналиши эълон қилингани трансформациялар учун намуна бўлганини, шу жумладан бу минтақа давлатлари раҳбарлари ўртасидаги муносабатлар жадаллашишига, товар айирбошлаш ҳажми, амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар сони ошишига хизмат қилганини эътироф этишди. Шу билан бирга, экспертлар муаммоларнинг фақат биринчи сирт қатламини ҳал қилишга эришилганини қайд этишди. Бир неча долзарб масалалар ҳали ҳам ўз ечимини кутмоқда. Олдинда кўплаб вазифалар турибди. Умумий вазифа эса минтақа мамлакатлари ўртасида ишончни мустаҳкамлашнинг юзага келаётган тенденцияларини ортга қайтмайдиган қилишдир. Иштирокчиларнинг фикрича, ҳозирда ушбу жараёнларга фуқаролик жамияти институтларини янада кенгроқ жалб этиш мақсадга мувофиқ. Чунки улар минтақалараро ҳамкорликнинг эришилган натижаларини мустаҳкамлаш, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва муҳим ижтимоий муаммоларни биргаликда ҳал этишга беқиёс ҳисса қўшмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатларида ўн минглаб жамоат (нодавлат) ташкилотлари фаолият олиб боради, улар ўз тармоқларида юз минглаб фаолларни, кўнгиллиларни, жамоатчилик фикри етакчиларини бирлаштиради.
– Бугунги кунда Қозоғистонда кўплаб нодавлат нотижорат ташкилотларини бир платформада бирлаштирганмиз, – дейди Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг махсус топшириқлар бўйича элчиси Усен Сулеймен. – Таҳлил қиладиган бўлсак, Қозоғистонда 8 йил ичида ННТ томонидан берилган 255 та тавсиянинг 31 таси қабул қилинган. Тавсияларнинг 24 таси рад этилган. Қолгани ҳукумат томонидан ўрганиб чиқилмоқда. Шуни айтиш жоиз, фуқаролик жамияти институтлари, биринчи навбатда, фуқароларнинг турли тоифалари манфаатларини намоён қилади, турли даражадаги муҳим қарорларни қабул қилиш жараёнларининг инклюзивлигига ёрдам беради. Иккинчидан, улар жамоатчилик назорати субъекти сифатида давлат секторида шаффофликни ошириш ҳамда ҳудудий дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш учун назорат ва мувозанат тизимини таъминлайди. Учинчидан, фуқаролик жамияти институтлари ҳудудларнинг ўзига хослиги ва аҳоли салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда нафақат муайян давлат, балки Марказий Осиё минтақаси учун ҳам долзарб бўлган муаммоларни ҳал этиш бўйича инновацион ғоялар ва амалиётларни таклиф этиши мумкин.
Масалан, ижтимоий шериклик тамойилларига асосланган қўшма ва минтақавий дастурлар доирасидаги маблағларни ННТлар салоҳиятидан фойдаланган ҳолда чегарадош туманлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни ечишга йўналтириш мумкин. Бунда жойлардаги муаммолар билан яхши таниш ва аҳолини жалб этган ҳолда инновацион ечимларни таклиф эта оладиган ННТларни жалб қилиш мақсадга мувофиқ.
Кейинги йилларда Ўзбекистон халқаро майдонда кўплаб ташаббусларни илгари сурди, бу ташаббусларнинг фуқаролар томонидан қўллаб-қувватланиши жаҳон ҳамжамияти, жаҳон ташкилотлари учун кучли “сигнал”га айланиши мумкин. Ташаббусларнинг халқ, фуқаролик жамияти институтлари томонидан бевосита қўллаб-қувватланишини уни нафақат давлат, балки минтақавий ва халқаро миқёсда илгари суришнинг муҳим механизмларидан бири сифатида кўриш керак. Марказий Осиё мамлакатларининг нодавлат секторлари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш саъй-ҳаракатлар ва ресурслар самарадорлигини сезиларли даражада оширади.
Муҳокамалар чоғида минтақавий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро манфаатли ташқи сиёсатини ва минтақа давлатлари раҳбарлари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Марказий Осиёни барқарор ривожлантириш бўйича ташаббусларини илгари суриш йўлидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Касбий ва маҳаллий ҳамжамиятларни шакллантириш, ННТлар томонидан мақсадли гуруҳлар ва бутун жамиятга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, доимий фаолият юритувчи минтақавий муҳокама майдончаларини яратиш, фуқаролик стратегиясини биргаликда ишлаб чиқиш долзарб вазифалар қаторидан ўрин олди. Шундай қилиб, экспертлик платформаларини яратиш Марказий Осиё мамлакатларида тўпланган тажриба алмашиш ва амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича экспертиза тақдим этишни тез ва самарали йўлга қўйиш имконини беради.
Сессия якунида Марказий Осиёда фуқаролик жамияти институтлари тармоғини шакллантириш, ислоҳотлар жараёнларига илғор илмий, услубий ва инновацион технологияларни жорий этиш орқали минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Манба: ЎзА