Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ЖСТ: афзалликлар, муаммолар ва янги имкониятлар
2021-11-15 | Иқтисодиёт
Тошкентда “Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш доирасида тўлов баланси ва савдо сиёсати” мавзусида тренинглар ҳамда хусусий сектор вакиллари учун “Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш, хизматлар савдоси ва ички қўллаб-қувватлаш бўйича ЖСТ қоидалари” мавзусида семинар ўтказилди.
Тадбирлар Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган “Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнига кўмаклашиш” дастури доирасида ташкил этилди. Уларда инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Б.Абидов раҳбарлигидаги Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича музокаралар гуруҳи вакиллари, UNCTAD/WTO Халқаро савдо маркази экспертлари, вазирликлар, тармоқ бирлашмалари, ишбилармонлар ассоциациялари ҳамда хусусий сектор вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирлар давомида хорижий экспертларнинг тақдимотлари бўлиб ўтди. Уларда мамлакатимизнинг ЖСТга аъзо бўлишининг афзалликлари ва муаммолари, ушбу жараёнда хусусий секторнинг роли, “Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнига кўмаклашиш” дастури доирасида ўзбек бизнеси вакилларига техник кўмак кўрсатиш йўналишлари очиб берилди. Шунингдек, иштирокчилар ЖСТ доирасида хизматлар савдосини тартибга солувчи битимлар, хизматлар савдоси бўйича музокаралар хусусиятлари ҳамда музокаралар жараёнида хусусий сектор ва ҳукумат ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг долзарб жиҳатлари билан танишдилар.
Аниқ ҳолатлар мисолида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чоралари ҳамда уларни хорижий етказиб берувчиларнинг инсофсиз рақобатидан ҳимоя қилиш механизмлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг Ташкилотга аъзо бўлишининг хизмат кўрсатиш соҳасига таъсири муҳокама қилинди.
Аҳоли саломатлигини таъминлаш, ноқонуний савдога қарши курашиш, тўлов балансини мувозанатлаш ва бошқа ҳолатларда давлат томонидан чекловчи чораларни қўллаш имкониятлари ҳам ўрганилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги