Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Пекинда "Янги коронавирусни бартараф этиш: илм-фан масаласи" мавзусида халқаро-инновацион форум ўтказилди
2021-11-12 | Инновация
“Discovery China Biotechnology Network” нашрининг хабар беришича, 1-3 ноябрь кунлари ХХР пойтахти Пекинда коронавирус пандемиясига бағишланган «Янги коронавирусни бартараф этиш: илм-фан масаласи» мавзусида халқаро-инновацион форум бўлиб ўтди.
Форум Хитой фанлар академияси Микробиология институти ҳамда Илмий ташкилотлар халқаро альянси (ANSO) томонидан ташкил этилган бўлиб, пандемия шароитидан келиб чиққан ҳолда Форум онлайн шаклда ўтказилди.
Тадбирда коронавирус бўйича тадқиқотлар ўтказаётган 60 нафардан ортиқ экспертлар иштирок этдилар. Улар қаторида Хитой фанлар академияси, Америка фанлар академияси, Бразилия фанлар академияси академиклари ҳам қатнашдилар. Иштирокчилар вирус инфекцияси ва унинг патоген механизмлари, вакциналар, антитаналар, дори препаратлари яратиш ва организмнинг иммун ҳимояси каби масалаларда маърузалар қилдилар. Шунингдек, коронавирусга чалинган беморларни даволаш ва диагностикаси, пандемия шароитида соғлиқни сақлаш бўйича глобал стратегия, пандемияни олдини олиш чоралари муҳокама қилинди. Онлайн иштирокчилар сони 600 кишидан ошди.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири, академик Иброҳим Абдураҳмоновнинг мазкур Форумдаги чиқиши юртимизда коронавирусга қарши амалга оширилаётган чора-тадбирлар, илмий изланишларга бағишланди. Хусусан, Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигида яратилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг самараси, коронавирусга қарши яратилаёган маҳаллий вакциналар ва дори препаратлари ҳақида маълумотлар берди.
Қатор академиклар, экспертлар, олимлар ва етакчи тадқиқотчилар COVID-19 вируси бўйича турли йўналишлардаги сўнгги тадқиқотлар натижалари билан ўртоқлашдилар, вирусларга ва вирус натижасида юзага келадиган пневмонияга қарши курашишнинг янги усулларини муҳокама қилдилар.
Эпидемиянинг қайта-қайта такрорланиб турган тўлқинлари коронавирус бўйича тадқиқот олиб бораётган илмий ҳамжамиятнинг битта платформада бирлашишига, халқаро ҳамкорлик ва интеграцияни мустаҳкамлашга сабаб бўлмоқда. Мазкур форум айнан шу мақсадга хизмат қилди ва олимларни юқумли касалликларга қарши ва уларни даволаш йўлида бирлашишга, ижтимоий масъулиятга чорлади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги