Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

2021-11-12 | Иқтисодиёт

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг Туркия Республикаси вице-президенти Ф.Октай билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув чоғида кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни кенгайтириш истиқболлари, шунингдек, Ф.Октайнинг шу йилнинг июнь ойида Ўзбекистонга ташрифи чоғида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши муҳокама қилинди.

Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияси (ҲК)нинг 6-йиғилиши якунида келишилган қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни рўёбга чиқариш ҳолати ўрганилди. Мавжуд келишувларни сифатли ва ўз вақтида ҳаётга татбиқ этиш борасида яқиндан ҳамкорлик қилишга, шунингдек, ҲКнинг самарадорлигини оширишга содиқлик билдирилди.

Инвестициявий ҳамкорликни чуқурлаштиришда эришилган муваффақиятлар алоҳида таъкидланди. Жумладан, 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистонда турк капитали иштирокида ташкил этилган корхоналар сони 2 баробар, мамлакат иқтисодиётига киритилган Туркия инвестициялари ҳажми эса 10 баробар ошди. Учрашув давомида йирик қўшма инвестициявий лойиҳаларнинг амалга оширилиши кўриб чиқилди ва уларни жадаллик билан ниҳоясига етказиб, фойдаланишга топшириш юзасидан навбатдаги тадбирлар белгилаб олинди.

Икки мамлакат ўртасида саноат кооперациясини чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар яқин келажакда машинасозлик, нефть-кимё, электротехника, енгил саноат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва фармацевтика соҳаларида янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича қўшма “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашга келишдилар.

Икки мамлакат ўртасидаги савдо ривожланишининг ижобий динамикаси қайд этилди. Хусусан, сўнгги 5 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми икки баробар кўпайди, жорий йил бошидан буён эса 70 фоизга ошди. Яқин келажакда Ўзбекистон-Туркия савдо айланмаси ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш зарурлиги ҳақида якдил фикр билдирилди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим ҳамда Электрон тижорат соҳасидаги битим юзасидан келишиш ишларини якунига фаоллик билан етказишга келишилди.

Минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон ва Туркия ҳудудлари ўртасида иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш учун платформа бўлиб хизмат қиладиган Ўзбекистон-Туркия минтақалараро форумини ўтказиш ташаббуси кўриб чиқилди.

Шунингдек, кейинги уч йил давомида инвестициявий, савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика, ахборот-коммуникация, маданий-гуманитар соҳаларда қўшма ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқишга ўзаро тайёрлик билдирилди.

Учрашув якунида кўриб чиқилган ҳамкорлик йўналишлари доирасида келишилган лойиҳа ва ташаббусларни илгари суриш ва амалга ошириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Поделиться