Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Энергетика, нефть-газ саноати ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши тизимидаги касаба уюшма қўмиталарининг бир гуруҳ фаоллари тақдирланди
2021-11-12 | Жамият
Республикамизда касаба уюшмалари куни кенг нишонланди. Шу муносабат билан, Ўзбекистон энергетика, нефть-газ саноати ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашида катта тадбир бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Шуҳрат Қурбонов, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги масъул ходимлари, Тармоқ касаба уюшма Республика Кенгаши тизимидаги касаба уюшма қўмиталари раислари ҳамда Миср Араб Республикаси “Коммунал ташкилотлар Бош касаба уюшмаси” президенти Хешам Ахмед Фуад Ахмед бошчилигидаги делегацияси аъзолари иштирок этди.
Тадбир давомида Ўзбекистон энергетика, нефть-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси ва Миср Араб Республикаси “Коммунал ташкилотлар Бош касаба уюшмаси” ўртасида меморандум имзоланди. Унда таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистон энергетика, нефть-газ саноати ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши таркибида 342 та бошланғич касаба уюшма ташкилотини бирлаштирган бўлиб, унинг аъзолари сони 190 минг нафардан ортиқни ташкил қилади.
Республика Кенгаши томонидан соҳа хизматчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлари алоҳида таҳсинга сазовор. Тадбирда Тармоқ касаба уюшма Республика Кенгаши тизимидаги касаба уюшма қўмиталарида фаолият олиб бораётган бир гуруҳ фаоллари иш берувчилар билан ижтимоий шерикликни кучайтириш, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги самарали меҳнати учун Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.
Халқ хизматида мустаҳкам бел боғлаган сиз каби жонкуяр ва фидойи ходимларни байрам билан самимий муборакбод этамиз. Сизларга сиҳат-саломатлик, масъулиятли ва серқирра фаолиятингизда улкан зафарлар тилаймиз.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги