Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Самарқанд тадбиркорлари Туркияда
2021-11-10 | Жамият
Самарқандлик тадбиркорлар шу кунларда Туркия Республикасида бўлиб, ушбу мамлакатда ўтказилаётган бизнес форум ва кўргазмаларда иштирок этмоқда.
Сафарнинг биринчи кунида тадбиркорлар Истанбулдаги саноат корхоналари фаолияти билан танишди, ҳамкорликда ишлаш истиқболлари белгилаб олинди.
Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов ва Истанбул савдо-саноат палатаси раиси Секиб Aвдагиc иштирокидаги учрашувда Самарқанд ва Истанбул тадбиркорларининг ҳамкорлигини кенгайтириш, биргаликда бизнес форумлар ўтказиш юзасидан фикр алмалишди.
– Кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айланмасининг ўсиб бораётгани тадбиркорларимизнинг фаол ҳамкорлик қилаётганидан далолат беради, – деди Ж.Ўроқов. – Жумладан, Самарқандда ҳам туркиялик ишбилармонлар билан биргаликда кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Биз савдо-инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун барча имкониятни ишга соламиз ва бунинг учун шарт-шароит яратишни кафолатлаймиз.
Учрашувда икки томон учун ҳам манфаатли бўлган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди.
Манба: ЎзА