Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Яшнобод» инновацион технопаркининг резиденти Словакия Республикасининг Ўзбекистондаги фахрий консул этиб тайинланди
2021-11-09 | Инновация
Тошкент шаҳрида Словакия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фахрий консуллигининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Словакия Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Словакия Республикасининг Ўзбекистондаги фахрий консули Василий Шимкога консуллик патентини тантанали равишда топширилди. Василий Шимко Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги «Яшнобод» инновацион технопаркининг резиденти “Chirana Asia” Словакия-Россия-Ўзбекистон қўшма корхонасининг раҳбари бўлиб, у Марказий Осиёда ягона жаҳон стандартларига мос ўпкани сунъий нафас олдириш ускуналари ишлаб чиқариш заводини ташкил этган.
Тадбирда Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шаҳло Турдиқулова сўзга чиқиб, мазкур корхона айнан пандемия даврида фаолият юритиб, кўплаб инсонларнинг жонини сақлашга хизмат қилгани ҳақида фикр билдирди. Бугунги кунга келиб Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ўпкани сунъий нафас олдириш ускуналари Ички ишлар вазирлиги госпитали, 1-сонли шаҳар шифохонаси, «ДМC»клиникаси ва бошқа шифохоналарда ўрнатилган бўлиб, улардан 10 минг соатдан ортиқ фойдаланилди ва улар ўз самарасини намоён этиб улгурди.
“Chirana Аsia” заводининг ўқув марказида ҳар ойда Ўзбекистоннинг таниқли реаниматолог-анестезиологлари ва заводнинг етакчи мутахассислари томонидан ишлаб чиқариш ускуналари ва ишлаб чиқариш имкониятлари билан танишиш бўйича амалий ўқув семинарлари ўтказиб келинмоқда.
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Ўзбекистон Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги кўмагида Ўзбекистон Республикасига юқори Европа технологияларини ўтказмоқда. ХКорхона, шунингдек, кўплаб хайрия тадбирларида қатнашади, турли тиббиёт муассасаларига, ногирон болаларга, уруш қатнашчиларига ёрдам кўрсатади.
Ушбу тайинлов Словакия Республикаси ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги маданият ва таълим соҳалари билан бир қаторда сиёсат, инвестиция ва иқтисодиёт соҳаларида ҳам жадал алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Фахрий консулликнинг тантанали очилиш маросими ҳамда ундан сўнг таклиф этилган меҳмонларни қабул қилиш Словакия Республикаси Фахрий консуллиги биносида бўлиб ўтди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги