Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жиззах вилоятида 22,1 минг гектар янги узумзорлар барпо этилади
2021-11-08 | Жамият
Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги узумчилик ўқув марказида соҳа мутахассислари иштирокида узумчилик кластери, деҳқон, фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 2021-2022 йилларда янги узумзорлар барпо этишга бағишланган илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда узумзорларни зараркунанда ва касалликлардан самарали ҳимоя қилиш, муқобил энергия манбаи яратиш, яъни қуёш панеллари ўрнатиш, томчилатиб суғориш тизимини жорий этишнинг афзалликлари, боғ ва узумзорлар барпо этиш учун ажратиладиган кредитлар ва бу борадаги имтиёзлар ҳақида сўз борди.
Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги томонидан узумчилик йўналишидаги фермер хўжаликлари аъзолари саводхонлигини ошириш, жаҳон тажрибаларини жорий қилган ҳолда янги узумзорлар барпо этиш мақсадида мазкур ўқув маркази фаолияти йўлга қўйилганди.
Узумчилик йўналишидаги фермер хўжаликлари мутахассисларининг малакасини ошириш, хусусан уларга инновацияларни жорий қилган ҳолда узум кўчатларини етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш усулларини ўргатиш, давлат томонидан узумчилик соҳасида берилаётган имтиёзларни ташаббускор фермер хўжаликларига тарғиб қилиш, узумзорларда илмий асосланган сув тежовчи технологияларни жорий қилиш лойиҳаларини ўргатиш ушбу ўқув марказининг асосий мақсад ва вазифалари ҳисобланади.
Қолаверса, республика миқёсида 20 мингдан ортиқ узумчилик соҳаси фермер хўжаликлари раҳбарларини айнан ушбу ўқув марказда ўқитиш режалаштирилган.
Таъкидланганидек, бу борада ёшлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, келгусида соҳадаги ёш мутахассисларнинг хорижда малакасини ошириш йўналишида Россия Фанлар Академияси “Магарач” илмий-тадқиқот институти олим-мутахассисларини таклиф этиш, Австрия Узумчилик ва виночилик олий федерал коллежи профессор-ўқитувчиларининг марказ тингловчиларига узумчилик соҳасида маъруза ўтишини йўлга қўйиш, Италиянинг Флоренция институти билан ҳамкорликда соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш кўзда тутилган.
Бугунги кунда республикамизда 4,8 триллион сўм маблағ ўзлаштирилиши эвазига 80 минг гектар янги узумзорлар барпо этилиши режалаштирилган.
Ушбу узумзорларнинг 28,8 минг гектари хўраки, 35,8 минг гектари кишмишбоп ва 15,4 минг гектари саноатбоп навли токзорларни ташкил қилиб, ушбу узумзорларни суғоришда сувни тежаш мақсадида 2,8 минг дона артезиан қудуғи қазиш ва инновацион технологиялар асосида 26 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш белгиланган.
Шундан Жиззах вилоятида 1,4 триллион сўм маблағ ҳисобига 22,1 минг гектар янги узумзорлар барпо этилади. Натижада 14 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилади.
Узумзорларда сувни тежаш мақсадида 1,1 минг дона артезиан қудуқлари қазилиб, қарийб 11 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш тизими жорий этилади. Натижада ҳар йили 8,5 минг метр куб сувни тежашга имкон яратилади. Бундан ташқари, вилоятда 5 та виночилик кластери ташкил қилиниб, 29 минг тонна узумни қайта ишлаш йўлга қўйилади. Натижада 5,2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш, 2 минг 800 дан ортиқ янги иш ўринлари яратиш имкони пайдо бўлади. Шунингдек, бюджетга 40,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ тушади, виночилик туризми ривожланади.
Ҳозирги кунда вилоятда барча тоифа хўжаликларида 5,8 минг гектар токзорлар мавжуд.
Манба: ЎзА