Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бугун Бишкекда «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» форматидаги иқтисодий форум бўлиб ўтади
2021-11-05 | Сиёсат
Қирғизистон пойтахтида «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» биринчи иқтисодий форуми бўлиб ўтади
Қирғизистоннинг «Кабар» миллий ахборот агентлиги маълумотига кўра, тадбир офлайн шаклда ўтказилади. Унда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи давлатларидан юқори мартабали делегациялар иштирок этади.
Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондан ҳукумат раҳбарлари, Тожикистон ва Туркманистондан бош вазир ўринбосарлари қатнашиши кутилмоқда. Европа Иттифоқи делегациясига кеча Бишкек шаҳрига келган Европа комиссияси вице-президенти Валдис Домбровскис раҳбарлик қилади.
«Тадбир ЕИга аъзо давлатларнинг ва Марказий Осиё мамлакатларининг юқори мартабали вакиллари, минтақадаги Европа Иттифоқи лойиҳаларини амалга оширувчи ташкилотлар, Марказий Осиё ва Европа мамлакатларидан хусусий сектор вакиллари, шунингдек, ривожланиш бўйича ҳамкорлар, жумладан, Европа молия институтларини бир жойга жамлайди, - деб ёзади «Кабар». - Форум Марказий Осиёнинг барқарор иқтисодий ривожланиш соҳасидаги устувор эҳтиёжлари юзасидан фикр алмашиш имкониятини беради. Форумда учта асосий йўналиш - «яшил» тикланиш, рақамлаштириш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш масалалари муҳокама қилинади».
Форум юқори даражадаги ялпи мажлис билан бошланади. Анжуман доирасида учта шўъба сессиялар бўлиб ўтади.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги