Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ФОА кўмагида Марказий Осиё давлатлари қишлоқ хўжалиги вазирларининг виртуал форматдаги норасмий тўртинчи учрашуви ўтказилди
2021-11-04 | Сиёсат
БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда Марказий Осиё давлатлари қишлоқ хўжалиги вазирларининг виртуал шаклдаги навбатдаги норасмий тўртинчи учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда ФАО бош директори ўринбосари, Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили В.Рахманин, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон қишлоқ хўжалиги вазирлари ҳамда Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки, Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси, Евроосиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки вакиллари иштирок этди.
Анжуманда томонлар Марказий Осиё қишлоқ хўжалигида кичик хўжаликларнинг иқлим ўзгариши билан боғлиқ хатарларга чидамлилиги ва барқарорлигини ошириш юзасидан фикр алмашди.
В.Рахманин ушбу мулоқот БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича 26-конференцияси билан бир вақтда ўтказилаётгани билан аҳамиятли эканини таъкидлади.
Иқлим ўзгаришига мослашиш жорий йил сентябрь ойида бўлиб ўтган БМТ Бутунжаҳон озиқ-овқат саммити якунлари ва ФАОнинг
2022-2031 йилларга мўлжалланган стратегияси диққат марказида эканлиги қайд этилди.
Иштирокчилар Марказий Осиё минтақасининг ўзига хос кескин ва қуруқ об-ҳаво шароитини инобатга олган ҳолда, иқлим ўзгариши таъсири остида қишлоқ хўжалигида янада жиддий хатар ва синовлар юзага келиши ҳамда бунга қарши курашишда ўзаро ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиш зарурлиги тўғрисида якдил фикр билдирди.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев иштирокчиларни мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳасида иқлим ўзгаришига қаратилган мақсадли чоралар ва ислоҳотлар билан таништирди.
- Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида пахта экин майдонлари қисқартирилмоқда, сув тежовчи технологиялар жадал жорий этиляпти, - деди Жамшид Хўжаев. - Бундан ташқари органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, билим ва инновациялар марказлари ташкил этиш бўйича ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга давлат томнидан имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратилмоқда. Иқлим ўзгаришининг агросаноат тизимига таъсири бўйича комплекс ўрганиш ишлари олиб бориляпти.
Вазир Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган ФАО шафелигида Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари қишлоқ хўжалиги вазирларининг йиғилишини ўтказиш минтақа қишлоқ хўжалигида мавжуд хатарларни енгиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим роль ўйнашини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон вакили, шунингдек, қишлоқ хўжалигида агроэкологияни оммалаштириш бўйича ФАО минтақавий лойиҳасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш таклифларини илгари сурди ҳамда кичик ишлаб чиқарувчилар рақобатбардошлигини ошириш мақсадида кооперативлар ташкил этиш ва илғор тажрибаларни жорий этиш масалаларига эътибор қаратиш лозимлигини билдирди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги