Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази ташкил этилди
2021-11-04 | Маданият
Президентимизнинг жорий йил 7 апрелдаги “Кино санъати ва саноатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига асосан ташкил этилган мазкур марказ Ўзбекистон Кинематография агентлиги ва киносаноати вакиллари муассислигида иш бошлади.
Ўзбекистон Миллий кинематографияни ривожлантириш марказига кино санъатини жамиятнинг маънавий, маданий-маърифий ҳаётида, жумладан ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда стратегик манба сифатида шакллантириш, кино саноатини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда хорижий кинокомпанияларни мамлакатга жалб қилиш ва ҳамкорликда фильмлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш вазифалари юклатилди.
Шунингдек, кино саноатини иқтисодиётнинг алоҳида тармоғи сифатида ривожлантириш, замонавий ва юқори технологик моддий-техник базага эга инфратузилмани яратиш, кинематография соҳасида кадрлар тайёрлаш, кино ижодкорлари ва техник ходимлари малакасини оширишнинг самарали тизимини яратиш бўйича ҳам тизимли ишларни амалга оширади.
Миллий сериаллар ишлаб чиқаришни давлат томонидан рағбатлантириш, анимацион фильмлар ишлаб чиқаришга ёш мультипликатор ва аниматорларни кенг жалб қилиш ҳамда соҳада муаллифлик ҳуқуқининг кафолатли ҳимоя қилинишини таъминлаш, кинопрокат тизимини ривожлантириш ва миллий фильмларни жаҳон кино бозорларига олиб чиқиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган.
Манба: ЎзА