Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
"Тошкент ИЭМ” АЖ ва “Çalik Enerji” компанияси ўртасида қурилиш ишларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилади
2021-11-04 | Иқтисодиёт
Бу ҳақида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ матбуот хизмати маълум қилди.
Бугунги кунда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ электр энергия ишлаб чиқариш соҳасида замонавий, юқори самарадор ва энерготежамкор технологияларни жорий этиш мақсадида бир қатор ҳамкорлар иштирокида тизимли ишлар олиб бормоқда.
Навбатдаги инвестицион лойиҳа “Тошкент ИЭМ” АЖда амалга оширилади. Унга кўра, 2024 йилга қадар марказда ҳар бирининг қуввати 32 МВт бўлган иккита газ турбина қурилмаси бунёд этилади ва лойиҳанинга бош пудратчиси сифатида Туркиянинг “Çalik Enerji” компанияси иштирок этади.
“Иссиқлик электр станциялари” АЖда “Тошкент ИЭМ” АЖ ва “Çalik Enerji” компанияси ўртасида қурилиш ишларини амалга ошириш бўйича шартнома имзолаш маросими бўлиб ўтди.
- “Çalik Enerji” компанияси Ўзбекистонда энергетика соҳасида олиб борилаётган катта ўзгаришларнинг гувоҳи, бизлар бу ерда Навоий ва Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияларидаги жаҳонда андозаси кам бўлган замонавий буғ-газ қурилмаларининг қурилишида иштирок этдик, - деди лойиҳа менежери Заҳид Аричи. - Навбатдаги манзил бу Тошкент иссиқлик электр маркази, ўйлайманки лойиҳани юқори уюшқоқлик билан ташкил қиламиз ва мамлакат энерготизимини ривожлантиришга ҳисса қўшамиз.
Лойиҳанинг умумий қиймати – 109, 243 миллион АҚШ доллари, шундан
Япониянинг халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) маблағлари – 81,06 миллион АҚШ доллари;
Корхонанинг ўз маблағлари – 15,46 млн. АҚШ доллари;
Ўзбекистон Республикасининг қўшган улуши – 12,71 миллион АҚШ долларини ташкил қилади.
Лойиҳа амалга оширилиши натижасида марказ томонидан йилига қўшимча 515,6 млн. кВт.соат электр ва 690,3 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади, бунда юқоритежамкор технологиялар эвазига 219 минг куб метр табиий газ иқтисод қилинади.
Атроф муҳитга чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар 200,5 тоннага камайтирилади.
Шунингдек, ушбу энергоускуна ўзининг юқори самарадорлиги билан ажралиб туради, унинг фойдали иш коэффициенти 64 фоизни ташкил этади.
Манба: ЎзА