Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Даврон Ҳидоятов Янгийўл Шаҳри ва туманида амалга оширилаётган ишлар билан танишди
2021-11-03 | Жамият
Вилоят ҳокими дастлаб шаҳар марказида машҳур спортчи Мурод Хонтўраев хотирасига бағишлаб очилган UFC спорт залининг фойдаланишга топширишга бағишланган маросимда қатнашди.
Бу ерда Янгийўл тумани ва шаҳри ҳокимлари, сектор раҳбарлари, марҳум спортчининг дўстлари, яқинлари ва шогирдлари, спортсевар ёшлар жамулжам бўлишди.
Тадбирда вилоят ҳокими сўзга чиқиб, бундай спорт заллари спортсевар ёшлар учун ўзига хос маҳорат ва чиниқиш майдони бўлишини қайд этди. Меҳмонлар спорт залида яратилган шароитлар билан таништирилди.
Шундан сўнг Д.Ҳидоятов ҳудуд масъуллари билан бирга Янгийўл тумани “Тинчлик” массивидаги 36 гектар ер майдонида ташкил этилган “Кичик саноат зонаси”да олиб борилаётган иш жараёнларини бориб кўрди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 27 октябрдаги қарорига асосан, мазкур зонада умумий қиймати 433,2 миллиард сўмлик бўлган 15 та лойиҳа жойлаштирилган.
Даврон Ҳидоятов танишув давомида тадбиркорларга қўлай шароит яратиш, белгиланган устувор вазифаларни ўз муддатларида бажариш бўйича масъулларга топшириқлар берди.
Навбатдаги манзил тумандаги "Янги Ўзбекистон ёшлари маркази" бўлди. Мазкур мажмуа ҳудудда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, замонавий билим эгаллаши учун шароит яратишда муҳим аҳамият касб этади. Барча қулайликларга эга конференциялар залида ёшлар қизғин дебат, музокаралар ўтказиши мумкин. Қолаверса, бу ерда IT йўналишида "Аёллар дафтари", "Темир дафтар" рўйхатида турувчи оилаларнинг фарзандлари компьютер технологиялари, дастурлаш каби йўналишларда билим оладилар.
Шунингдек, хорижий тиллар, турли касб-ҳунарлар бўйича ўқув курслари ҳам ташкил этилган. Ҳозирда мазкур масканда 12 нафар ёш иш билан таъминланган. Марказ ичидаги замонавий кутубхонада бадиий адабиёт намуналарига оид турли китоблар, машҳур адиблар асарлари, илмий-оммабоп рисолаларни топиш мумкин. Даврон Ҳидоятов марказ ҳудуд ёшларининг севимли манзилларидан бирига айланиши лозимлиги, бунинг учун уларнинг бўш вақтини самарали ўтказиш, кўпроқ малакали мутахассисларни жалб қилиш зарурлигини таъкидлади.
Манба: Тошкент вилояти ҳокимлиги