Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикасида водород энергетикасини ривожлантириш
2021-11-03 | Инновация
Бутун инсоният глобал исиш, атроф-муҳитнинг ифлосланиши ва углеводород захираларининг камайиши муаммоларига дуч келмоқда. Ушбу муаммоларни ҳал қилиш йўлларидан бири "яшил" водороддан фойдаланиш бўлиши мумкин. Шунга кўра, кейинги йилларда бу соҳага қизиқиш сезиларли даражада ошди. Ривожланган мамлакатлар водород энергетикасини ривожлантиришга катта куч ва маблағ сарфламоқда.
Халқаро экспертлар томонидан Водороднинг жаҳон энергетикасидаги улуши 2050 йилга келиб 18 фоизни ташкил қилиши ва XXI аср сўнгига келиб 40 фоиздан ошиши прогноз қилинмоқда.
Соҳанинг Ўзбекистон Республикасидаги ҳолати қандай?
Бритиш Петролеум компаниясининг ҳисоб-китобларига кўра, дунёдаги тасдиқланган нефть захиралари, ишлаб чиқаришнинг ҳозирги суръатлари сақланиши шароитида, 50 йиллик эҳтиёжни қоплаши мумкин.
Бошқа манбалар шуни кўрсатадики, планетанинг ҳозирги нефть истеъмоли даражаси сақланганда атиги 53 йилга, табиий газ эса тахминан 60 йилга етади.
Ўзбекистон табиий газ захиралари бўйича дунёнинг барча мамлакатлари орасида 19-ўрин, кўмир бўйича 25-ўрин ва нефть захиралари бўйича 45-ўринда туради. Шу билан бирга, Ўзбекистон захиралари кўрсаткичлари дунёнинг топ 10 та давлатига нисбатан анча паст. Республикада ишлаб чиқарилаётган нефть ҳозирданоқ мамлакат эҳтиёжларини қондира олмаяпти.
Ҳозирги тасдиқланган нефт ва газ захиралари, ҳозирги истеъмол даражаси сақланганда, 25-35 йилга етади. Кўмир захиралари узоқроқ муддатга хизмат қилади, аммо кўмирнинг ўзига хос экологик камчиликлари бор.
Саноатнинг ривожланиши ва аҳоли сонининг ўсиши эҳтиёжларнинг ўсишига олиб келади, уни қондириш учун энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш талаб этилади. Республика мутахассисларининг прогнозларига кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистонда электр энергиясига бўлган эҳтиёж қарийб 121 миллиард кВт/соатни ташкил этади, ҳозирги пайтда эса 70 миллиард киловатт/соатдан бир оз кўпроқ.
Глобал исиш ва атроф-муҳитнинг ифлосланиши инсоният олдига қайтариб бўлмайдиган жараёнларнинг бошланишига йўл қўймаслик вазифаларини қўймоқда. Ушбу муаммоларни ҳал қилиш мақсадида 2015 йил 12 декабрда Париж шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий Конвенциясига аъзо давлатлар конференциясининг 21-сессиясида 196 давлат томонидан Париж келишуви қабул қилинди.
Париж келишуви атмосферага иссиқхона газлари чиқарилишини камайтириш ва глобал ҳароратнинг ўртача кўтарилишини саноат даражаси олдинги даврга(1750) нисбатан 2 0C дан паст ушлаб туриш ва ҳароратнинг
1,5 0С гача кўтарилишини чеклашга ҳаракат қилиш орқали кейинги иқлим ўзгаришининг олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда жаҳон ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга қаратилган. Бунинг учун 2050 йилга келиб глобал иссиқхона газлари эмиссиясини 40-70 фоизга камайтириш ва 2100 йилга келиб иссиқхона газлари эмиссиясини нолга тенг ёки манфий даражага етказиш талаб этилади.
Ўзбекистоннинг Париж келишуви бўйича асосий миллий ҳиссаси 2030 йилга бориб ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари эмиссиясини 2010 йил даражасидан 10 фоизга камайтиришдан иборат.
Юқоридагиларнинг барчасидан келиб чиқиб, 2020-йил апрел ойи охирида Ҳукумат қарори билан Энергетика вазирлиги томонидан манфаатдор вазирликлар, идоралар, шунингдек, халқаро маслаҳатчилар билан биргаликда ишлаб чиқилган “2020-2030-йилларда Ўзбекистон Республикасини электр энергияси билан таъминлаш концепцияси” тасдиқланди.
Ушбу концепцияга мувофиқ, 2030 йилга келиб углеводород ёқилғисидан фойдаланмасдан электр энергияси ишлаб чиқарувчи ўрнатилган қувватларнинг улуши ГЭСлар қувватини 3800 МВтга етказиш, қуввати 3000 МВт бўлган шамол ва 5000 МВт бўлган қуёш электр станцияларини, 2400 МВт қувватга эга атом электр станциясини қуриш ҳисобига 50 фоизга яқинлашади. Бунда ўзгарувчан қуёш ва шамол электр станцияларининг улуши 25 фоиздан ортиқ бўлади.
Ўзгарувчан ишлаб чиқариш қувватларининг бундай катта улуши қувват балансини тартибга солишда қийинчиликлар туғдиради. Энергия балансини ишончли тартибга солиш ва истеъмолчиларни юқори сифатли электр энергияси билан таъминлаш учун етарли миқдорда ва сифатли захира қувватлари – “аккумуляторлар” талаб қилинади.
Бундай захиралар манбалари сифатида электрокимёвий батареялар, гидро аккумулятор станциялари, суюлтирилган (сиқилган) ҳаво ёки бошқа газ, суперконденсаторлар, механик ва гравитацион аккумуляторлар, “яшил” водород гази ва бошқалар ишлатилиши мумкин.
Ҳар бир манбанинг ўзига хос устувор ва заиф томонлари бор ва шунга кўра улар турли улушларда ишлатилиши мумкин.
Охирги йилларда ишлаб чиқариш таннархи сезиларли арзонлашаётган “яшил” водород келажакда салмоқли улушга эга бўлиши кутилмоқда.
Водород фақат энергетика соҳасида эмас, балки бошқа кўпгина соҳаларда ҳам муҳим хомашё сифатида қўлланилиб келинмоқда. Жумладан:
Ҳозирги вақтда жаҳон миқёсида водород энергетикаси соҳасида изланишлар бошланғич даврда эканлиги сабабли, мазкур йўналишга устувор эътибор қаратилса, республикамиз ушбу соҳада етакчи давлатлар қаторига қўшилиш имкониятига эга бўлиши мумкин.
Республика раҳбарияти водород энергетикасини ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда.
Шунингдек, Инновацион ривожланиш вазирлигининг асосий функцияларидан бири этиб, қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш соҳасида муқобил ва экологик тоза энергия манбаи - “яшил” водородни ишлаб чиқариш, сақлаш ва қўллаш бўйича инновацион технологияларни яратиш ҳамда жорий этишни ташкил қилиш белгиланган. Ушбу йўналишда ишларни вазирликнинг Тармоқ корхоналарида инновацион экотизимни ривожлантириш бошқармаси самарали амалга ошириб келмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги