Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқуловнинг Яқин Шарқ/Форс кўрфази ва Марказий Осиё бўйича раҳбари, Европа Комиссиясининг халқаро ҳамкорлик бўйича бош директори Сара Риналди бошчилигида Европа Иттифоқи вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда, шунингдек, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари, элчи Шарлотт Адриан, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ҳамкорлик бўлими раҳбари Франсуа Бежо, Яқин Шарқ/Форс кўрфази ва Марказий Осиё бўйича ҳамкорлик ва халқаро қўллаб-қувватлаш бўлими ходими, Европа Комиссиясининг Савдо бўйича бош директори Титиен Амати ва вазирликнинг масъул ходимлари иштирок этди.
Кун тартибида Ўзбекистон ҳамда Европа Иттифоқи ўртасида "яшил" тараққиёт, иқтисодиёт ва технологиялар соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида Ўзбекистон томони меҳмонларни жорий ислоҳотлар ва "яшил"га ўтиш соҳасидаги амалга оширилган ишлар билан таништирди. Шунингдек, амалга оширилаётган 2030 йилгача "яшил" иқтисодиётга ўтиш стратегияси ҳам муҳокама қилинди. Шунингдек, меҳмонларга рақамли трансформация дастурлари ҳақида маълумот берилди. Хусусан, БМТТД билан ҳамкорликда "Рақамли иқтисодиёт ва рақамли тадбиркорликни ривожлантириш учун ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш" лойиҳаси ҳақида сўз борди.
Учрашувда яшил иқтисодиётга ўтиш, барқарор ривожланиш, камбағалликни қисқартириш, инсон капиталини ривожлантириш ва бошқа йўналишлар бўйича ҳамкорликнинг мумкин бўлган соҳалари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги