Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мактаб ўқитувчиси Республика таълим маркази директори ўринбосари лавозимига тайинланди
2021-11-03 | Таълим
Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги 65-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати математика фани ўқитувчиси Исроилжон Тиллабоев Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази директори ўринбосари лавозимига тайинланди.
37 ёшли ўқитувчи 2006 йилда Қўқон давлат педагогика институтини тамомлаган, 17 йилдан буён математика ва информатика фанларидан ёш авлодга дарс бериб келади.
Ўқувчилари бир неча йиллардан буён фан олимпиадасининг туман, вилоят ва республика босқичларида юқори натижаларга эришиб келаётган ўқитувчи 2014 йилда "Халқ таълими аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирланган.
Исроил Тиллабоев янгиликка интилувчи педагог сифатида ментал арифметика дастурини биринчи марта ўзбек тилида ўқув қўлланмаларини ишлаб чиққан ва ментал арифметика бўйича ҳам ўз шогирдлари билан жуда катта ютуққа эришган.
Хусусан, 2019 йил Москва шаҳрида бўлиб ўтган Астра IV халқаро олимпиадада 5 нафар ўқувчи билан иштирок этиб, ундан 3 нафар ўқувчиси гран-при, 1-2-ўринларни қўлга киритди.
Ўзининг шахсий блогига эга. 2018 йил 400 дан зиёд блогер ва журналистлар қатнашган Ўзбекистон блогерлар чемпионатида фахрли 3-ўринни эгаллаган ва халқ таълими тизимидаги энг яхши блогери деб эътироф этилган.
Исроил Тиллабоев ўз канали ва гуруҳлари орқали таълим тизимига доир жуда катта масалаларни кўтариб чиқади ва у муаммоларга аниқ таклифлар беради. Унинг кўтариб чиққан муаммолари доимо жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинган ва Халқ таълими вазирлиги томонидан кўплаб амалиётга қўлланилган.
Манба: ЎзА