Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Венчур фондларини бошқариш бўйича маҳорат дарслари ўтказилади
2021-11-02 | Инновация
2 ноябрь куни “UzVC” Миллий венчур фонди ва USAID ташкилотининг тадбиркорлик ва бизнес муҳитини ривожлантириш лойиҳаси ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги кўмагида Венчур фондларини бошқариш бўйича маҳорат дарсларининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирни Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шаҳло Турдиқулова, USAID ташкилотининг Иқтисодий ўсиш бўйича директори Скот Хедлунд ҳамда Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси, "New Links Global” компаняиси вакили Алишер Шайхов очиб берди.
– Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати инновациялар, илм-фан ва тадбиркорликка алоҳида эътибор қаратмоқда – деди вазир ўринбосари Ш. Турдиқулова. – 2018 йилда қабул қилинган Ўзбекистонни инновацион ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш натижасида инновацион инфратузилма яратиш, инновациялар ва илм-фанни молиялаштиришнинг янги механизмини жорий қилиш ҳамда давлат бюджетидан илм-фанга ажратилаётган маблағларнинг салмоқли даражада ошишига эришилди. Стратегияни амалга ошириш натижасида 1,5 млн АҚШ доллари миқдоридаги давлат маблағлари ҳисобига “UzVC” Миллий венчур фонди ташкил этилди ва хозирги кунга келиб Буюк Британиянинг Sturgeon Capital бошқарув компанияси томонидан 25 миллион АҚШ долларига тенг сармоя киритишга эришилди. https://www.facebook.com/watch/?v=352465433299254
3 кунлик Венчур фондларни бошқариш бўйича маҳорат дарслари маҳаллий венчур сармоядорлар, бизнес фаришталар, давлат ташкилотлари учун етакчи венчур фондлари вакиллари томонидан ўтказилади. Бунда венчур соҳасидаги долзарб мавзулар, жумладан, Ўзбекистонда венчур экотизимини ривожлантириш муаммолари ва ечимлари муҳокама қилинади. Шу билан бирга, таниқли халқаро венчур фондлари вакиллари стартапларга сармоя киритиш тажрибалари билан бўлишадилар.
Тадбирда «500 startups” халқаро венчур фонди ва акселератори, Европа инвестиция жамғармаси, Европа тараққиёт ва тикланиш банкининг венчур фонди, Болгариядаги молиявий воситаларни бошқариш жамғармаси – FMFIB, Quest Ventures (Сингапур), Sturgeon Capital (Буюк Британия), Vitosha Venture Partners (Европа) венчур фондлари вакиллари спикер сифатида иштирок этади. https://youtu.be/3TQtid7BI78
Ҳозирда давлатимиз томонидан технологияларни тижоратлаштириш ва уларни ташқи бозорларга олиб чиқиш, венчур экотизимни шакллантириш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқиш жараёнларига кўмаклашишнинг амалдаги механизмларининг самарасини ошириш, стартапларни қўллаб-қувватлаш ва юқори натижаларга эришиш бўйича аниқ вазифалар қўйилган. UzVC миллий венчур фонди ҳам ўз навбатида манфаатдор давлат идоралари ва хусусий сектор билан биргаликда мазкур вазифаларни тўлақонли бажариш йўлида кўплаб ишларни амалга ошириши лозим. Мазкур тадбир кўзда тутилган вазифаларни тезкор ва самарали ҳал этиш йўлидаги бир қадамдир.
Айни пайтда инновацион ғоялар ва стартапларни тўлақонли амалга ошириш, уларни маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг долзарблигини ҳисобга олган ҳолда тижоратлаштириш муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Албатта, бу йўналишда хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликда қатор ишлар олиб борилмоқа. Бу борада хорижий ҳамкорларимизнинг географияси ҳам ортиб бораётгани қувонарли. Хусусан, АҚШ, Буюк Британия, Сингапур ва бошқа узоқ давлатлардан мазкур тадбирга ташриф буюрувчилар унинг жаҳон миқёсида ҳам долзарблигининг ортиб бораётганини кўрсатади. Хорижий делегацияларнинг иштироки мамлакатларимиз ўртасидаги илмий - технологик ва инновацион-инвестицион ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда манфаатли яқин алоқаларни ўрнатиш учун қулай платформадир.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги