Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қишлоқ хўжалиги техникалари хариди ва бошқа харажатларга имтиёзлар берилмоқда
2021-11-02 | Жамият
Хабарингиз бор, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва ҳосилдорликни ошириш мақсадида кластер ва фермер хўжаликлари харид қилган қишлоқ хўжалиги техникалари учун субсидиялар ва имтиёзли кредитлар ажратилиши белгиланди.
Қишлоқ хўжалиги учун техника сотиб олишда кредит харажатларининг 10 фоиздан юқори қисми давлат томонидан қоплаб берилиши, 2021 йилдан бошлаб 3 йил давомида пахтани Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида машинада териш харажатининг 30 фоизи бюджетдан қоплаб берилиши шулар жумласидандир.
–Хорижий давлатларидан сотиб олинадиган қишлоқ хўжалиги техникалари, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар божхона тўловларидан 3 йил муддатга озод этилди, –дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили Собит Рўзибоев. – Импорт қилинган техникаларга қўшилган қиймат солиғини 270 кунгача кечиктириб тўлаш, лазерли текислаш ускуналари ва дон уруғ сеялкаларини харид қилиш учун келгуси йилда 50 миллиард сўм субсидия ва божхона имтиёзлар бериш амалиётлари жорий этилиши белгилаб берилди.
Бу эса ёзни ёз, қишни қиш демай далаларда заҳмат чекаётган фермер ва деҳқонларимизга жуда катта имкониятлар яратади. Агротехник тадбирларни ўтказишда ерларни шудгорлаш, уруғларни сифатли ерга қадаш, дастлабки ишлов бериш ва етиштирилган маҳсулотларни ўз вақтида йиғиб-териб олишда қишлоқ хўжалиги техникалари муҳим аҳамият касб этади.
Фермер ва кластерларга пахта ҳамда ғалланинг энг ҳосилдор навларини импорт қилиш ва мустақил жойлаштиришга рухсат берилиши, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш учун кредитлар, тижорат банклари томонидан камида 5 йилга ҳамда субсидия ажратиш тизими ҳам такомиллаштирилиши белгиланди.
Жумладан, биринчи йили субсидиянинг 50 фоизи берилиб, ҳосилдорлик ошиши ва ускуналарнинг ишлатилишига қараб, келгуси йили қолган 50 фоизи тўлаш амалиётининг жорий этилиши тўлов қобилиятини янада оширади.
Манба: ЎзА