Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон-Беларус илм-фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик бўйича қўшма комиссиянинг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди
2021-11-01 | Инновация
Ўзбекистон-Беларус илм-фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик бўйича қўшма комиссиянинг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишга Ўзбекистон томондан инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва Беларус томонидан Беларус Республикаси Илм-фан ва технологиялар бўйича давлат комитети раиси Александр Шумилин раислик қилдилар.
Александр Шумилин Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловлари муваффақиятли ўтгани билан йиғилиш иштирокчиларини қутлади.
Йиғилишда Ўзбекистон ва Беларус ўртасидаги илмий-техник ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, илмий-техник ҳамкорлик йўналишларини фаоллаштириш, 2019 – 2021 йиллар давомида амалга оширилган қўшма илмий лойиҳаларнинг бажарилиши ҳолати, қўшма илмий лойиҳалар танлови натижалари, 2021 – 2023 йилда бажарилиши лозим бўлган илмий лойиҳалар рўйхати, шунингдек, ҳамкорликда ташкил этиладиган бошқа тадбирлар муҳокама этилди.
Таъкидлаш жоизки, 2019-2021 йилларда Ўзбекистон-Беларус илмий-техник ҳамкорлиги дастури доирасида 15 та лойиҳа бажарилди ва уларнинг якунларига кўра қатор муҳим илмий натижалар олинди. Эндиликда эса мазкур лойиҳаларнинг тижоратлаштириш жараёни ташкил қилинишига ва қўшимча молиялаштириш талаб этилади. Тадбирда бу масала кўриб чиқилиб, ушбу лойиҳалар натижасида олинган илмий ишланмаларни тижоратлаштиришга тайёрлаш учун қўшимча маблағлар ажратилиши бўйича келишувга эришилди.
Томонлар 2021-2023 йилларда қўшма илмий лойиҳалар сонини 30 тага етказишга келишдилар. Жорий йил якунига қадар 50 нафар ёш олимни Беларус илмий муассасаларига стажировкага юбориш ва кейинги йилларда уларнинг сонини ошириш лозимлиги қад этилди.
Тадбир давомидаги муҳокамалар натижасида ҳамкорликда амалга ошириладиган илмий йўналишлар тасдиқланди, жумладан, Энергетика ва энергияни тежаш, Тиббиёт ва тиббий технологиялар, Фармацевтика ва фармакология, Нано ва биотехнологиялар, Кимёвий технологиялар, Янги материаллар, Рақамли иқтисодиёт, Озиқ-овқат хавфсизлиги, Агросаноат технологиялари, Табаитни оқилона бошқариш (табиатдан оқилона фойдаланиш), Табиий офатларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш, Сув ресурсларини бошқариш технологиялари, Фойдали қазилмаларни олиш технологиялари, Лазер технологиялари ва фотоника устувор йўналишлар сифатида белгиланди.
Бундан ташқари, ҳамкорликда қўшма стартаплар танлови эълон қилиниши ва пойтахтимизда янги барпо этилган “INNO” технопарки базасида стараплар фаолияти ташкил этилишига келишилди. Умуман, икки давлат томонидан илм-фан соҳасидаги конференциялар, форумлар, кўргазмалар, тажриба алмашинуви дастурлари сонини ошириш лозимлиги қайд этилди.
Комиссия Ўзбекистон-Беларус илм-фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик бўйича қўшма комиссиянинг учинчи йиғилишини 2023 йилда Беларус республикасида ўтказилиши тўғрисида қарор чиқарди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги