Андижон вилояти Хўжаобод туманида Рақамли технологиялар ўқув маркази ўз фаолиятини бошлади
Вилоят ёшларини ахборот технологиялари соҳасига қизиқтириш, уларни замонавий касбларга йўналтириш ва тайёрлаш, IT таълимни ривожлантириш, шунингдек, тумандаги соҳа ходимларини АКТ бўйича билим ва малакаларини ошириш мақсадида Хўжаобод туманида Рақамли технологиялар ўқув марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Очилиш маросимида Хўжаобод тумани ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникатсияларини ривожлантириш вазирлиги Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси қатнашди.
Туманнинг почта боғламаси биносидан жой олган IT марказ хоналари ахборот технологияси муҳитига мос равишда қайта таъмирланиб, замонавий компютер техникалари ва мебеллар билан таъминланди. Марказга ташриф буюрган меҳмонлар машғулотлар ўтказиладиган ўқув хоналарида яратилган шароитлар билан танишдилар.
Ўқув марказида ёшларга ахборот технологиялари, дастурлаш асослари, робототехника, компютер ўйинлари ва киберспорт, замонавий рақамли технологияларни ўргатиш ҳамда мутахассисларни тайёрлаш кўзда тутилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги