Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши доирасида хусусий сектор, академик ва илмий-тадқиқот институтлари билан давра суҳбатлари ўтказилди
2021-10-29 | Иқтисодиёт
“International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Б.Абидов бошчилигида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича музокаралар гуруҳи ишбилармон ҳамда академик доиралар билан Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлишига бағишланган иккита давра суҳбатида иштирок этди.
Савдо-саноат палатаси раҳбарияти, мамлакат хусусий секторининг 100 дан ортиқ вакиллари, ишбилармон доиралар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари қатнашган ушбу тадбирлар ЖСТ Котибияти Бош директорининг ўринбосари С.Чжан бошчилигидаги делегациясининг Ўзбекистонда БМТ тараққиёт дастури кўмагида 2021 йил 26-31 октябрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи доирасида бўлиб ўтди.
Ишбилармонлар билан ўтказилган давра суҳбатида ЖСТга аъзо бўлиш жараёни ва унинг хусусий сектор фаолиятига таъсири, мамлакатнинг турли тармоқлари учун юзага келиши мумкин бўлган оқибатлар ва бошқа жиҳатлар муҳокама қилинди.
ЖСТ Бош директорининг ўринбосари С.Чжан иштирокчиларни Хитойнинг ЖСТга кириш тажрибаси ва мазкур жараённинг ХХР хусусий секторига салбий оқибатларини юмшатиш бўйича амалга оширилган ишлар билан таништирди.
Иккинчи давра суҳбатида академик, илмий-тадқиқот институтлари ва илмий доиралар вакиллари иштирок этди. Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши жараёнида улар иштирокининг самарадорлигини ошириш билан боғлиқ амалий масалалар муҳокама қилинди.
ЖСТга киришда илмий-тадқиқот институтларининг муҳим ролига алоҳида эътибор қаратилди. Улар Ташкилотга аъзо мамлакатлар билан музокаралар олиб бориш учун аргументларни тайёрлаш ҳамда иқтисодиёт тармоқлари учун юзага келиши мумкин бўлган оқибатлар бўйича тадқиқотлар олиб бориш ҳамда салбий сценарийларни бартараф этиш имкониятлари ва зарур бўлган ресурсларга эга.
ЖСТга қўшилгандан сўнг республиканинг Ташкилот фаолиятида самарали иштирок этиши учун кўп томонлама савдо тизими ва ЖСТ масалалари бўйича салоҳиятли кадрларни тайёрлаш зарурлиги қайд этилди.
Тадбирлар давомида ЖСТ котибияти, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, миллий илмий-тадқиқот институтлари ҳамда олий ўқув юртлари раҳбарлари ва вакиллари томонидан тақдимотлар ва чиқишлар ўтказилди.
Давра суҳбатлари якунларида иштирокчилар Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши жараёнида давлат ва хусусий сектор вакиллари ўртасидаги мулоқотни фаол давом эттириш, шунингдек, унга миллий тадқиқот институтларини жалб этишни янада кенгайтириш бўйича якдил фикр билдирдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги