Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ЎФА мутасаддилари, ҳакамлар ва ОАВ вакиллари иштирокида Суперлигадаги ҳакамлик муҳокама қилинди
2021-10-28 | Спорт
ЎФА ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда дастлаб, Равшан Эрматов сўз олиб, бугунги кунда ўзбекистонлик ҳакамларнинг даражаси, уларнинг иш фаолияти ва ҳакамликдаги ФИФА томонидан жорий этилган охирги қонун-қоидаларга батафсил тўхталиб ўтди.
Семинарда асосий эътибор Ўзбекистон Суперлигасининг ортда қолган тури (23-тур) даги барча баҳсли вазиятлар қизғин ва атрофлича муҳокама қилинди. Мутахассис ва ҳакамлар журналистларнинг саволларига батафсил жавоб берган ҳолда ўз қарорларини изоҳлаб беришди.
Жумладан, Фирдавс Норсафаров ишлаган ўйинларда унинг йўл қўйган хатолари кўриб чиқилди. “Пахтакор” ва “Қизилқум” ўртасида бўлиб ўтган учрашувда навоийликлар дарвозасига белгиланган пеналтиларнинг бирида у хатога йўл қўйганини тан олди. Шунингдек, Наманганда ўтказилган “Бунёдкор” ва “Навбаҳор” жамоалари ўртасидаги ўйинда VAR'да бош ҳакамлик қилиб, ўйиннинг биринчи таймида “Навбаҳор” футболчисининг ўта қўпол ҳаракатини ўйиндаги бош ҳакамга етказмагани учун ҳам айбдор эканлиги қайд этилди.
Шундан сўнг, жуда кўп муҳокамаларга сабаб бўлган ўйин “Андижон” ва “Насаф” ўртасидаги учрашувда қаршиликларнинг ҳисобга олинмаган голи бўйича ўйин бош ҳаками Азиз Асимов тушунтириш берди. Бу ҳолатда тўп ҳужумчининг қўлига тегиб дарвоза тўридан жой олгани қайд этилди ва шу сабабдан гол инобатга олинмаганини маълум қилди.
Учрашув давомида Равшан Эрматов ҳар бир ҳакамни ўзи устида ишлашга, ўйиндан олдин футболчилар ва уларнинг ҳарактерини яхшилаб ўрганиб чиқишга даъват қилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги