Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инновацион ривожланиш вазири Россия Фанлар академияси президенти билан учрашди
2021-10-27 | Инновация
Москва шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Россия Фанлар академияси президенти Александр Сергеев билан учрашди.
Учрашув давомида ҳамкорликнинг янги йўналишлари, хусусан, водород энергияси, сунъий интеллект ва талабалар учун таълим олиш имкониятлари муҳокама қилинди. Шунингдек, яна қатор йўналишлар ҳам мавжуд бўлиб, улар Меморандумда қайд этилган. Ушбу ҳужжат Ўзбекистон раҳбариятининг Россияга бўлажак ташрифи доирасида имзоланиши кутилмоқда.
«Билимларимизнинг технологияларга айланиши Россия учун ҳам жуда муҳимдир. Шунинг учун биз ҳамкорликдан манфаатдормиз», дейди Александр Сергеев.
Учрашувда илмий фаолиятнинг давомийлиги ва кадрлар муаммосига алоҳида эътибор қаратилди. И. Абдураҳмоновнинг қайд этишича, Ўзбекистонда бандлик масаласи ҳамон долзарб, давлат фуқароларни иш билан таъминлашга интилмоқда.
"Сўнгги пайтларда ҳудудларда бир қатор технопарклар ташкил этилди. Инновацион ривожланиш вазирлиги ёш олимларнинг ғояларини қўллаб-қувватлайди, маблағлар ажратади, шунингдек, семинар ва лабораториялар ташкил этиб келмоқда", деди вазир.
Учрашувда Ўзбекистонда академик университет яратиш бўйича қўшма лойиҳага алоҳида эътибор қаратилди.
– Бизнинг умумий вазифамиз ёш олимларнинг четга кетиб қолмаслиги учун лангар ташлашдир. Академик институтлар ва Фанлар Академияси ёшлар билан ишлашга тайёр, аммо университет Фанлар Академиясининг бир қисми бўлса, у ҳам ўзлари учун кадрлар тайёрлайди, деб таъкидлади Россия Фанлар Академияси Президенти. – Масалан, Хитой Фанлар академиясининг нафақат Хитойда, балки хорижда ҳам академик фанлар учун кадрлар тайёрлайдиган учта академик университети мавжуд. Бу намуна бўлишга арзигулик ташаббус. Бу каби академик университетнинг МДҲда ташкил топиш жараёнида иштирок этиш ва ҳисса қўшиш биз учун муҳимдир.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги