Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Миллий мусиқа билимдонларининг ижодий танловлари
2021-10-27 | Маданият
Мақом – мўъжизакор ва бетакрор санъат.
Ўзбек миллий мақом маркази, Маданият вазирлиги Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги томонидан ўтказилган бир йўла учта ижодий танловлар бастакорлар, композиторлар, мусиқашунослар фаолиятини кенгроқ таҳлил этиш имконини берди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2017 йил 17 ноябрда қабул қилинган "Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори миллий мусиқа санъатимиз ривожида янги босқични бошлаб берди. Унга кўра, ўзбек мақом санъати мумтоз ва замонавий ижро намуналарининг «олтин фонди»ни яратиш, халқимиз, хусусан, ёш авлодни мақом санъати билан кенг таништириш орқали уларда миллий ўзликни англаш туйғуси юксак бадиий-эстетик дид ва тафаккурни камол топтириш борасидаги ишлар ҳажми тобора кенгайди.
Мақом санъати бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш ва тарғиб қилиш бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, мумтоз мусиқа меросимиз намуналарини нотага олиш, мавжуд ёзувларни такомиллаштириш ва амалиётга жорий этишга эътибор кучайди. Мақом санъатининг ижтимоий-тарихий илдизлари, илмий-назарий негизлари, миллий ва умумбашарий қадриятлар билан боғлиқ жиҳатларини чуқур ўрганиб, янги илмий тадқиқотлар яратиш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Бастакорлар, композиторлар, мусиқашунослар ўртасида ташкил этилган ушбу танловлардан кўзланган асосий мақсад ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш ва замонавий бастакорлик ижодиёти анъаналарига сингдириш, мақом намунлари асосида замонавий асарлар яратиш, мақом йўлларида ижод қилиб келаётган бастакор, композитор ва мусиқашуносларни кашф этиш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришдан иборатдир.
Уч кун давомида мусиқа оламининг билимдонлари, устозлар соҳада изланаётган ёшларнинг фаолияти, ижод йўналишини атрофлича ўргандилар. Соҳа мутахассисларидан ташкил топган ҳакамлар ҳайъати республикамизнинг турли ҳудудларидан танловда иштирок этиш истагини билдирган кўплаб муаллифларнинг монографик, илмий ва илмий-оммабоп янги адабиётларини кўздан кечириб, баҳоладилар.
Барча ғолиб ва совриндорлар жорий йилнинг 16 ноябрь санасида ўтказилиши режалаштирилган тақдирлаш маросими ва гала-концертда эълон қилинади.
Манба: ЎзА