Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фарғонада “Japan city” инновацион шаҳарчаси барпо этилади
2021-10-26 | Инновация
Япониянинг “AOIKAI Medical Corporation” компанияси вице-президенти Хироши Тамаи, корпорация бош юристи Наоя Эндо, шунингдек, AOIKAIнинг Ўзбекистондаги вакилларидан иборат делегация Фарғона вилоятида бўлди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров билан самимий мулоқот давомида “AOIKAI Medical Corporation” томонидан мамлакатимизда амалга ошириш режалаштирилаётган япон меъморий санъати услубидаги 36 та объектдан иборат бўлган “Japan city” инновацион шаҳарчасини қуриш, ҳамширалик иши йўналиши бўйича мутахассисларни тайёрлаш мактабини очиш, аҳолига молиявий хизматлар кўрсатиш, таълим кредитлари ажратиш учун кичик тижорат банкини ташкил этиш, “AOIKAI” халқаро тиббиёт клиникасини очиш, узумнинг уруғсиз олий навларини етиштириш каби лойиҳалар муҳокама қилинди.
“AOIKAI Medical Corporation” 1978 йилда ташкил этилган бўлиб, 15 та компания қамровида 15200 дан зиёд ходимни иш билан таъминлаган. AOIKAI фаолиятининг асосий йўналиши бу юқори даражадаги тиббиёт хизматларини кўрсатишдан иборат. Ҳозирги кунда корпорацияга қарашли 130 дан ортиқ ижтимоий аҳамиятга эга муассаса, жумладан, 32 та шифохона, 84 та қариялар уйи, 12 та университет, коллеж, болалар боғчаси ва бошқа муассасалар мавжуд. Компания, шунингдек иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида ҳам кўплаб лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда, турли истиқболли йўналишларда инвестицион фаоллик қайд этмоқда.
Япониялик ишбилармонлар сўнгги беш йилда Ўзбекистон тубдан ўзгаргани, бу нафақат шаҳар ва қишлоқларнинг ташқи кўринишида, балки одамларнинг турмуш тарзида ҳам яққол кўзга ташланаётганини қайд этди. Меҳмонлар Фарғона вилояти хорижий сармоядорлар учун сўнгги пайтда жуда жозибадор ҳудудга айланиб бораётганидан хабардор эканлигини таъкидлаб, юқорида қайд этилган барча лойиҳаларни Фарғонада амалга ошириш имкониятларини ўрганаётганини маълум қилди.
Учрашувда Фарғона вилоятининг иқтисодий-инвестицион кўрсаткичлари ҳамда турли соҳалардаги ўзига хос хусусиятлари ҳақида маълумот берди. Учрашув кун тартибидаги ҳар бир лойиҳанинг вилоятда амалга оширилиш истиқболлари ҳақида сўз юритилди. Фарғонада 300 гектар ҳудудда барпо этилаётган янги экошаҳар лойиҳаси меҳмонлар эътиборига тақдим қилиниб, “Japan city” инновацион шаҳарчасини мазкур ҳудудда барпо этиш таклиф қилинди.
Бугунги кунда Фарғона вилояти Япония билан таълим соҳасида алоқаларни йўлга қўйган бўлиб, Риштон туманидаги Риштон-Япония маданий иқтисодий алоқалар маркази қошида “Норико Гаккию” япон тили ва маданияти тўгараги ҳамда Фарғона шаҳридаги мономарказда жойлашган “Yamato” информацион технологиялар соҳасидаги мутахассисларни тайёрловчи уч йиллик ўқув маркази фаолият кўрсатмоқда. “AOIKAI Medical Corporation” томонидан ташкил этилиши режалаштирилган ҳамширалик иши йуналиши бўйича мутахассисларни тайёрлаш мактабини дастлабки босқичда Фарғонадаги мономарказ биносида ёки бўш турган коллежлар биноларида ташкил этиш мумкинлиги маълум қилинди.
Фарғона вилояти туманлари узум етиштиришда машҳур экани, узумнинг Японияга хос уруғсиз олий навларини етиштиришни Олтиариқ, Фарғона туманларида йўлга қўйиш борасида фикр алмашилди. “AOIKAI” халқаро тиббиёт клиникасини Фарғонада барпо этилиши қўллаб-қувватланди ва бундай замонавий тиббиёт муассасасининг ташкил этилиши 11 миллиондан зиёд водий вилоятлари аҳолиси учун қулайлик яратиши таъкидланди.
Муҳокама қилинган масалалар юзасидан дастлабки келишувларга эришилди ҳамда “AOIKAI Medical Corporation” президенти Такаёши Шинтанининг декабрь ойининг дастлабки саналарида Фарғонага ташрифи чоғида ҳар бир лойиҳа бўйича аниқ музокаралар ўтказилишига келишилди.
Манба: ЎзА