Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Тадбиркор аёллар" ҳафталиги ўтказилади
2021-10-25 | Жамият
“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси 30 ёшда.
Ташкилот ўтган вақт мобайнида тажриба орттирди, Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлиги ҳаракатининг чинакам локомотивига айланди.
Бугунги кунда Ассоциациянинг 68 та ҳудудий бўлими ташкил этилган бўлиб, уларда 200 нафар мутахассис жамоатчилик асосида аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича фаолият юритмоқда. Ассоциация томонидан маҳаллий ва халқаро институтлар билан ҳамкорликда 100 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилди. Натижада 60,3 минг нафар хотин-қизлар тадбиркорлик малакасига эга бўлиб, уларнинг 80 фоизи иш билан таъминланди. 50 минг нафардан зиёд аёл бизнес юритиш асослари ва методикасига ўргатилиб, ўз бизнесларини ташкил этди. 15 - 19 ноябрь кунлари пойтахтимизда “Аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга муваффақиятли ёндашувлар: Ўзбекистон ва жаҳон ҳамжамияти тажрибаси” мавзусида тадбиркор аёллар ҳафталиги ўтказилади.
Ушбу ҳафталикнинг ўтказилиши билан боғлиқ масалалар муҳокамасига бағишлаб ассоциацияда давра суҳбати ташкил этилди.
— Ҳафталикда аёлларнинг ҳуқуқий - иқтисодий имкониятларини кенгайтиришда ишбилармон доиралар ва бизнес ҳамжамиятнинг ўрни, гендер тенглиги, кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги ўрни ва тадбиркор аёлларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш масалалари муҳокама этилади, — дейди “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси раҳбари Гулнора Маҳмудова. — Шунингдек, юртимизга инвестициялар жалб қилиш, яқин ва узоқ хориж ишбилармонлари билан манфаатли савдо алоқаларини ўрнатишда тадбиркор аёлларга кўмаклашилади. Мамлакат савдо–иқтисодий, туристик имкониятларини тарғиб қилиш ўтказилажак ҳафталикнинг асосий мақсадлари ҳисобланади.
Ҳафталикда мамлакатимиз ишбилармон аёллари билан бир қаторда давлат ва нодавлат ташкилотлар, хорижий ташкилотларнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари раҳбарлари, қатор мамлакат элчилари, хорижий бизнес экспертлар, Ўзбекистон, Украина, Исроил давлатлари тадбиркорлик уюшмалари, илмий тадқиқот, халқаро молия институтлари, суғурта муассасалари ва ОАВлари иштирок этади.
Маросимда “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси фаолиятини ёритиш бўйича эълон қилинган танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтади.
Ғолиблар эсдалик совғалари билан тақдирланиши кўзда тутилган.
Манба: ЎзА