Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

20 октябрдан бола парваришига доир муҳим тавсиялар тақдим этилади

2021-10-21 | Жамият

Бола касал бўлмаслиги учун нималар қилиш керак? Олти ойлик гўдакка қандай қўшимча овқатлар берса бўлади? Боланинг тишлари чиқаётганда нималарга эътибор қаратиш зарур? Жажжи ўғил-қизларнинг қомати тўғри шаклланиши қандай омилларга боғлиқ? Уларга ҳарф танитишни қачондан бошлаган маъқул? Фарзандларимизнинг иммунитетини қандай мустаҳкамлаш мумкин.

Ҳар бир ота-она фарзанд парваришида шу каби минглаб саволларга рўбарў келади ва ҳар бирига тўғри жавоб топишга ҳаракат қилади. Айниқса, ёш оилаларда бу жараён бир мунча мураккаб кечиши табиий.

Бундай вазиятда кўпинча катталарнинг кўмагига суянишимиз бор гап. Бобою бувиларимизнинг кўрсатма ва йўл-йўриқлари, ҳаётий тажрибаси биз учун дастуриламал. Аммо бугунги тараққиёт асрида фарзанд тарбиясига доир ҳар бир вазифа ва юмушни илмий асосланган тавсияларга мувофиқ бажариш мақсадга мувофиқ. Бунинг тиббий ҳамда педагогик жиҳатдан мақбул метод ва технологиялари ҳам ишлаб чиқилган.

Эртага — 20 октябрдан бошлаб ана шундай тавсия ва маълумотлар билан бепул танишиб боришингиз мумкин. Чунки ушбу санадан эътиборан ЮНИСEФ, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Мактабгача таълим вазирлиги ҳамкорлигида юртимизда «Ота-оналар ойлиги» эълон қилинмоқда.

Мазкур қўшма лойиҳа болаларнинг илк ривожланиш даврида ота-оналарга кўмаклашишни кўзда тутади. У кичкинтойлар парваришига доир илмий-амалий далилларга асосланган муҳим маълумот ҳамда тавсияларни тақдим этишга қаратилган.

Бунинг учун етакчи мутахассис ва соҳа экспертлари бир ой давомида илк босқичда болаларни тўғри парваришлаш ҳамда уларнинг соғлом ривожланишини таъминлашга доир илғор тажрибаю маслаҳатлари билан ўртоқлашади.

Ана шу материаллар саломатлик, тўғри овқатланиш, иммунитет мустаҳкамланиши, болаларда кўникмаларни эрта шакллантириш, рағбатлантириш, ҳимоя ва хавфсизлик қоидалари юзасидан тавсиялар, фото ва видеолавҳаларни ўз ичига олган.

ЮНИСEФ, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Мактабгача таълим вазирлиги веб-сайтлари, ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари ҳамда бошқа медиа-майдонлар орқали мавзуга оид қизиқарли ҳаётий мисоллар, мақолалар ва маҳорат дарслари аҳолига тақдим этилиши режалаштирилган.

Шунингдек, ойлик доирасида мутахассислар ота-оналар ва бола парвариши билан шуғулланувчилар саволларига теледастурлар орқали ҳам жавоб берадилар.

— Фарзандлар ҳаётининг илк йилларида улар парваришига эътиборли бўлиш инсон капитали, соғлом жамият ва келажакни шакллантиришда муҳим роль ўйнайди, — дейди ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. — Саломатлик, озиқланиш, хавфсизлик ва эрта таълим билан боғлиқ илк тадбирлар болалар ривожланишининг асосидир. Ўғил-қизларни ҳаётининг дастлабки йилларида ота-оналар ва бошқа тарбиячилар томонидан тўғри парвариш қилиш ва қўллаб-қувватлаш уларнинг баркамол ривожланишида ҳал қилувчи омиллардан биридир. Бу ўғил-қизларнинг келгуси ҳаётидаги муваффақиятлар учун ҳам пойдевор бўлади.

Яна бир янгилик: ҳозирги кунда ЮНИСEФ, Соғлиқни сақлаш ва Мактабгача таълим вазирликлари ота-оналар ҳамда бола парваришловчиларга мўлжалланган инновацион дастур — “Bebbo” мобил иловасини яратиш устида иш олиб бормоқда. 7 ёшгача бўлган кичкинтойларни тарбиялашда асқатадиган мазкур йўриқнома Ўзбекистонда 2021 йилнинг ноябрь ойида ишга туширилади.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги

Поделиться