Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инновацион ривожланиш вазирлиги ва «Агробанк» АТБ ўртасида меморандум имзоланди
2021-10-21 | Жамият
Ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида соҳага оид мавжуд муаммоларнинг илмий ечимини таъминлаш ҳамда янги инновацион ишланмаларни амалиётга жорий қилиш бўйича 2021 йил 20 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва «Агробанк» акциядорлик тижорат банки ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур тадбир муносабати билан оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ҳам ўтказилди. Анжуманда вазирлик ва банк масъул ходимлари, журналистлар, блогерлар ҳамда соҳа мутахассислари, олимлар иштирок этди.
Ушбу меморандум доирасида «Агробанк» АТБ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти ва соҳадаги илмий изланувчиларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, янги инновацион ишланмаларни амалиётга жорий этиш, ўсимликларни ҳимоя қилиш йўналишида замонавий лабараторияларни ташкил этиш, жорий таъмирлаш ишларига қаратилган лойиҳаларга грант маблағи ажратишда ўзаро ҳамкорлик фаолиятини амалга оширади ва ҳамкорликда янги истиқболли илмий-инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш мақсадида ўзаро ҳамкорлик қилади.
Илмий-тадқиқот ишларига оид лойиҳаларни шакллантиришда қуйидаги жиҳатлар инобатга олинади:
-Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти ва соҳадаги изланувчиларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун янги инновацион тадқиқотларни амалиётга жорий этишга қаратилган илмий лойиҳаларни шакллантиришда зарур бўлган янги ишланмаларни яратиш, янги ғояларни рағбатлантириш;
-ўсимликларни ҳимоя қилиш ва қишлоқ хўжалигида янги конструкциялар, материаллар, усуллар, хизматларни яратишга ёки мавжудларини такомиллаштиришга хизмат қилиш;ўсимликларни ҳимоя қилиш йўналишида замонавий лабараторияларни ташкил этиш, лабаратория инфратузилмасини жорий таъмирлаш ва реконструкция қилиш;
-республика ҳудудларида соҳага оид аниқ муаммоларни илмий асосда ҳал этишга қаратилганлиги;
-лойиҳа натижасида якуний маҳсулотни (янги ишланмани) яратилиши асосланганлиги;
-танловлар асосида молиялаштирилган лойиҳалар доирасида замонавий лаборатория ускуналари ҳамда тадқиқот жараёнлари учун бўлган замонавий техник воситалари билан таъминлашда ўзаро ҳамкорлик қилиш;
-ҳамкорликдаги илмий-тадқиқот ишлари йўналишлари бўйича янги илмий ишланмалар ва технологияларни республика иқтисодиёт тармоқларига жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш.
Маълумки, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илмий тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажариладиган фундаментал, амалий ҳамда инновацион лойиҳалар танлови мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Хусусан 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида ўсимликларни ҳимоя қилиш ва турли зараркунандаларга қарши курашга қаратилган умумий қиймати 58,1 млрд сўм бўлган 93 та илмий лойиҳалар молиялаштирилди.
Шунингдек, жорий йилнинг январь-октябрь ойларида илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида «Қишлоқ хўжалиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш фанлари», «Ўрмон хўжалиги, тупроқшунослик ва ўсимликларни ҳимоя қилиш» йўналиши бўйича умумий қиймати 47,6 млрд. сўм бўлган 32 та тематик мавзулар эълон қилинган.
Мазкур йўналишда бажарилаётган тадқиқотлар кўламини янада кенгайтириш ҳамда соҳада амалга оширилаётган илмий лойиҳалар натижадорлигини ошириш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирининг 2021 йил 27 июлдаги 192-сон буйруғига мувофиқ, вазирлик ҳузуридаги «Ўрмон хўжалиги фанлари» йўналиши бўйича илмий-техник кенгаш «Ўрмон хўжалиги, тупроқшунослик ва ўсимликларни ҳимоя қилиш фанлари» йўналиши бўйича Илмий-техник кенгаш деб номланди.
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда «Агробанк» акциядорлик тижорат банки ўртасида тузилган ушбу меморандум асосида умумий қиймати 10,0 млрд. сўм бўлган илмий лойиҳалар танлови ўтказилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги