Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Полимерлар кимёси ва физикаси институти “AR403» русумли лаборатория ускунасидан тадқиқотларда фойдаланилаётганини маълум қилди
2021-10-20 | Инновация
Инновацион ривожланиш вазирлиги брифингида мониторинг натижаларига кўра Полимерлар кимёси ва физикаси институтига етказиб берилган “AR403» русумли универсал юриткичли кўп мақсадли илмий лаборатория асбоб-ускунаси ишлатилмаётгани аниқлангани маълум этилганди. Институтнинг илмий ишлар ва инновация бўйича директор муовини, профессор Абдушукур Саримсоқов Илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларида ўтказилган ўрганиш даврида аниқланган камчиликларни бартараф этишга қаратилган «Йўл харитаси» бўйича амалга оширилган ишлар натижасида ҳозирда мазкур қурилмада тадқиқотлар олиб борилаётгани бўйича маълумот берди.
Профессор А. Саримсоқов бугунги кунда ушбу қурилмада тозаланган КМС, «Полиардез» дезинфекция воситасини ва вирусли касалликларга қарши «ГлазАвир» кўз плёнкаларини олиш бўйича тадқиқотлар олиб борилаётганини таъкидлади.
AR-403 қурилмаси асосан тиббиётда қўлланиладиган полимер таркибли препаратлар олишда ишлатилади. Ушбу қурилмада полимер эритмаларини тайёрлаш, уларни тозалаш, полимер таркибига биологик фаол препаратлар киритиш реакцияларини олиб бориш, ҳосил бўлган полимер таркибли препаратларни ажратиб олиш, тозалаш, майдалаш ишларини амалга ошириш имкониятларини беради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги