Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
2021-10-18 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги ўрни ҳамда ролини кучайтириш, уларнинг аҳоли кундалик муаммолари билан ишлаш ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги мавқеини мустаҳкамлаш, шунингдек, фуқаролар йиғини ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш орқали тизимнинг самарадорлигини ошириш мақсадида:
1. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2021 йил 1 ноябрдан бошлаб:
a) ҳудудида хонадонлар сони мингта ва ундан ортиқ бўлган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг ойлик лавозим маошларини 35 фоизга ошириш;
б) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини сақлаш билан боғлиқ харажатларни тегишли маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш;
в) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш, уларга бухгалтерия хизматини кўрсатиш вазифасини туман (шаҳар) ҳокимликларидан туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига ўтказиш;
г) туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш жамғармасини (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
2. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг асосий манбалари этиб белгилансин:
фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг йиллик меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг (моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси маблағларини инобатга олмаган ҳолда) 10 фоизи миқдоридаги бюджет маблағлари;
халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари қарорларига асосан ажратиладиган маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларининг 3 фоизи миқдоридаги ажратма;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг мол-мулкини белгиланган тартибда ижарага беришдан олинган маблағлар;
ҳомийлик маблағлари;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
3. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомни Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
Жамғарма маблағларини шакллантириш тартиби ва улардан фойдаланиш йўналишларини белгилаш;
Жамғарма маблағлари ҳисобидан шахсий ва рағбатлантирувчи устамалар бериш, мукофотлаш ва ижтимоий ҳимоялаш.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари:
Жамғарма маблағларининг шакллантирилиши юзасидан доимий назорат олиб борсин;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ўзлари фаолият юритаётган бино ва иншоотлар хатловдан ўтказилишини ва бошқа мол-мулклари ўзларида қолдирилишини таъминласин;
туман (шаҳар) ҳокимликларига тегишли бўлган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан фойдаланиб келинган бино ҳамда иншоотлар туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилишини таъминласин.
5. Молия вазирлиги:
2021 йилда барча маҳалла фуқаролар йиғинларига зарур канцелярия товарлари хариди учун 9,2 миллиард сўм маблағ ажратилишини ҳамда 2022 йилдан бошлаб ушбу мақсадлар учун зарур маблағлар Давлат бюджети параметрларида кўзда тутилишини;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг ойлик лавозим маоши миқдори оширилиши билан боғлиқ қўшимча харажатлар 2021 йилда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидаги вакант ўринлар ҳисобига бўшаб қолган маблағлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан қопланишини таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
7. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
8. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Р.Т.Маматов ҳамда молия вазири Т.А.Ишметов белгилансин.
Фармон ижросини назорат қилиш, масъул вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2021 йил 18 октябрь
Манба: ЎзА