Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сайловда хотин-қизларнинг муносиб иштирок этишини кузатувчи 11 та индикатор ишлаб чиқилган
2021-10-18 | Сайлов
Айни дақиқаларда Халқаро медиа-холлда “Хотин-қизларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари ҳамда сайловларда уларнинг фаоллигини оширишнинг долзарб масалалари” мавзусида конференция бўлиб ўтмоқда.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раиси, Марказий сайлов комиссияси раиси, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари иштирок этмоқда.
Т.Норбоева ҳозирги вақтда хотин-қизлар мамлакат аҳолисининг қарийб 50 фоизини ташкил этиши, уларнинг барча соҳаларда самарали меҳнат қилиши, шу жумладан, сиёсий бошқарув, ижтимоий-иқтисодий ҳаётда фаолият кўрсатиши учун барча шарт-шароитлар яратилганлиги, сайловларда аёлларнинг ўрни беқиёс эканлиги, бугунги глобаллашув даврида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва янада мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этиши, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш давр талаби эканлигини эътироф этди.
– Сайлов ўтгандан сўнг ҳар бир жараён чуқур ўрганилади ва таҳлил қилинади. Шу билан бирга, қонунчиликни такомиллаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилади. Шуни айтишимиз мумкинки, бу йилги президент сайлови мутлақо янгича руҳда, янгича кайфиятда бўлиб ўтмоқда. Бугунги мавзунинг долзарблиги шундаки, 35 миллион аҳолимиз бўлса, уларнинг қарийб тенг ярмини хотин-қизлар ташкил қилади. Президент сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари аъзоларининг 102 нафари ва участка сайлов комиссиялари аъзоларининг 65 минг 974 нафарини хотин-қизлар ташкил этмоқда. 2019 йил Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайловда участка сайлов комиссияларининг таркибида 54 минг 361 нафар аёл иштирок этган. Бу йилги рақамлар билан солиштирганда, ушбу кўрсаткич 21,3 фоизга ошганлигини кўриш мумкин, – деди Сенат Раиси Танзила Норбоева.
Қайд этилишича, Марказий сайлов комиссияси томонидан ўтган давр мобайнида Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва ўтказишга доир 19 та қарор ва жами 15 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Шу билан биргаликда, жойларда Президент сайловини ўтказувчи 14 та сайлов округи ва 10 минг 760 та сайлов участкаси тузилиб, сайловга тайёр ҳолга келтирилди. МСК томонидан сайловнинг барча босқичларида ҳотин-қизларнинг муносиб иштирок этишини кузатувчи 11 та индикатор ишлаб чиқилди.
Бугунги кунга қадар аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ва хорижий ОАВ вакилларининг 1 минг 565 нафаридан 437 нафарини (32,6 фоиз) хотин-қизлар ташкил қилмоқда. Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидаги сайловчиларнинг 17 октябрь ҳолатига 10 миллион 762 минг 291 нафари (50,6 фоиз)ни аёллар ташкил этади.
Манба: ЎзА