Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон-Британия ҳамкорлиги масалалари кўриб чиқилди
2021-10-15 | Иқтисодиёт
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида вазирнинг биринчи ўринбосари Л.Кудратов Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Т.Торлот билан учрашди.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар жорий йилнинг дастлабки 9 ойида икки томонлама савдо айланмасининг 2,5 баробар ўсганини, шунингдек, ўтган 4 йил давомида Британия капитали иштирокидаги корхоналар сонининг 33%, яъни 260 дан 350 компаниягача ошганини мамнуният билан қайд этдилар.
Ўзбекистоннинг Бирлашган Қиролликнинг Преференциялар бош тизимининг Кенгайтирилган схемаси (Enhanced GSP)га қўшилиш тўғрисидаги мурожаатининг бугунги ҳолати ва ушбу ташаббусни илгари суриш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш йўллари ҳам кўриб чиқилди.
Алоҳида тартибда келгуси йилнинг баҳорида Тошкент шаҳрида Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон – Британия кенгаши (UBTIC) конференциясини ўтказиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида томонлар икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган қўшма ташаббус ва дастурлар ижросини жадаллаштиришга келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги