Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Малайзия давлат бошқаруви ва кадрлар сиёсати бўйича самарали ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилмоқда
2021-10-14 | Сиёсат
Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов Малайзия университети қошидаги Ижтимоий сиёсат ва бошқарув халқаро институти (INPUMA) директори Нориза бинти Ариффин билан учрашув ўтказди.
Музокаралар давомида Малайзия вакиллари Ўзбекистонда давлат бошқаруви, кадрлар сиёсати, уларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш буйича олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.
Нориза бинти Ариффин Ўзбекистонда ташкил этилган Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги (ДХРА) фаолиятини эътироф этди. У ҳар бир давлатда ягона мувофиқлаштирилган ташкилот кераклигини ва унинг фаолияти давлат бошқаруви тизимида ягона тамойил ва меъёрлар кафолати бўла олишини таъкидлади.
Томонлар пандемия давридан сўнг давлат бошқаруви ва кадрлар сиёсати соҳасида ўзаро ҳамкорликни давом эттиришнинг муҳимлигини таъкидлади. Қайд этилганидек, Куала-Лумпурдаги дипломатик миссиямиз кўмаги билан 2019 йил декабрь ойида ташкил этилган ДХРА делегациясининг Малайзияга ишчи сафари ва INPUMA билан бўлиб ўтган музокаралар ушбу йўналишдаги ҳамкорликни давом эттириш учун қулай замин яратди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон делегациясининг ташрифи чоғида «Давлат хизмати тизимидаги кадрлар сиёсатининг долзарб масалалари: Ўзбекистон ва Малайзия тажрибаси» мавзусидаги семинар ташкил этилди. Унда Малайя университети ва INPUMA илмий-ўқув бўлими вакиллари иштирок этди.
Нориза бинти Ариффин INPUMAнинг ДХРА билан давлат хизматчилари учун кадрлар ва персонал бошқарув, малака ошириш, тажриба алмашиш, рағбатлантириш тизимини яратиш ва қатор бошқа соҳаларда қисқа муддатли ўқув дастурларни ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга жиддий қизиқиш билдирди.
Малайзиялик ҳамкорлар шу йилнинг ноябрь ойида ўзбекистонлик давлат хизматчилари иштирокида коррупцияга қарши курашиш мавзусида вебинар ўтказишни таклиф қилди.
Музокаралар натижасида яқин вақт ичида ДХРА ва INPUMA вакиллари ўртасида давлат хизматчиларининг малакасини ошириш учун ташкил этиладиган ўқувларни батафсил муҳокама қилиш мақсадида видеоконференция ташкил қилиш ва давлат бошқарувида коррупциянинг олдини олиш мавзусида вебинар ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.
Малайя университети қошидаги Ижтимоий сиёсат ва бошқарув халқаро институти 1999 йилда ташкил этилган. У ижтимоий сиёсат ва давлат бошқаруви соҳасида мутахассислар тайёрлайдиган давлат олий ўқув юрти ҳисобланади.
INPUMA Малайзия ташқи ишлар вазирлиги қошидаги Техник ҳамкорлик дастури доирасида хорижий давлатларнинг давлат бошқарувидаги ўрта ва юқори даражали мутахассисларининг малакасини ошириш учун қисқа ва узоқ муддатли курсларни ташкил этади.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги