Ҳар бир соҳада шогирдлар учун устоз ва мураббийлар доим эъзозда ва ҳурматда бўлиб келган. Улар берган билим ҳамда кўникмалар издошлари учун умри давомида муҳим дастур бўлиб хизмат қилади.
Ана шундай улуғ инсонларга ҳурмат кўрсатиш мақсадида Тошкент шаҳар Туризм ва спорт бош бошқармаси томонидан Пойтахтимизда жойлашган “Регистон” тўйхонасида спорт соҳасида фаолият юритаётган бир гуруҳ мураббийлар учун байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Дурдона Раҳимова ҳамда Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимовлар иштирок этиб, спорт соҳасидаги устоз ва мураббийларни самимий табриклашди.
Тадбирда пойтахтимиздаги спорт мактаблари ва муассасалари раҳбарлари ҳамда спорт соҳасида фаолият юритаётган кўплаб устоз ва мураббийлар қатнашди.
Маросимда ўзининг кўп йиллик хизматлари билан Тошкент шаҳрининг спорт соҳаси ривожига улкан ҳисса қўшган ва мазкур соҳада сидқидилдан меҳнат қилаётган бир гуруҳ мураббийларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Шундан сўнг, байрамга йиғилганларга консерт дастури намойиш этилди.
Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги