Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Куба терма жамоаси юртимизда, улар ЖЧга Ўзбекистонда тайёрланишади
2021-10-12 | Спорт
Мураббийлар штаби ҳар бир вазн тоифасида уч нафар боксчини синовдан ўтказмоқда. Сўнгги босқич машғулотлари якунига кўра мураббийлар ЖЧда иштирок этадиган 13 нафар боксчини аниқлб олишади ва улар номи ОАВ орқали эълон қилинади.
Дарвоқе, бугун эрта тонгда жаҳон боксининг етакчи давлатларидан бири бўлган Куба терма жамоаси тўлиқ таркиб билан юртимизга етиб келди.
Бундан икки йил олдин Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов Куба бокс федерацияси президенти Алберто Пуиг билан учрашиб, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш юзасидан музокаралар ўтказган. Келишувга кўра, 2019 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон терма жамоаси Кубада ўқув-машғулот йиғинлари олиб борганди. Мазкур келишувнинг мантиқий давоми сифатида Куба терма жамоаси Ўзбекистонда юртимиз чарм қўлқоп усталари билан ўқув-машғулот йиғинларини ўтказишади.
Айни пайтда Ўзбекистон терма жамоаси Тошкент вилоятининг Янгиобод ўқув базасида йиғин олиб бормоқда. Бугун кубаликлар ҳам йиғинга қўшилади ва ҳар икки мамлакат боксчилари олдинда турган жаҳон чемпионатига биргаликда тайёргарлик олиб боришади. Қайд этиш лозим, кубаликлар Тошкентга уч нафар Олимпиада чемпиони билан етиб келишди.
Қўшма ўқув-машғулот йиғини 22 октябрга қадар давом этади ва ўша куни ҳар икки терма жамоа Жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун Белград шаҳрига жўнаб кетади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги