Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Reforms.uz – барча ислоҳотлар акс этган электрон платформа
2021-10-12 | Жамият
Ҳаракатлар стратегиясининг 5 йиллик муддати давомида барча соҳада туб ислоҳотлар амалга оширилиб, қатор янгиланиш ва ўзгаришлар қилинди.
Буни ҳар биримиз ўз ҳаётимизда, ён-атрофимизда кўриб, билиб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Бу йил 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишнинг сўнгги йили ҳисобланади.
Ушбу стратегик ҳужжат асосида олиб борилган ишлар, эришилган натижалар ҳақида янада батафсил ҳамда қиёсий маълумотларга эга бўлиш имконияти яратилди. Яъни барча жорий қилинган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари ҳақидаги маълумотни содда ва оммабоп кўринишда ўз ичига оладиган ягона база – Reforms.uz электрон платформаси яратилиб, ишга туширилди.
Амалга оширилган ислоҳотлар натижаси акс эттирилган электрон база 5 та бўлимдан иборат бўлиб, ҳар бир фуқора жорий этилган ислоҳотларнинг асл улкан моҳиятига баҳо бера олиш имкониятлари мавжуд. Яъни платформадаги барча рақамлар қиёсий шаклда келтирилган: улар 1991 йилдан 2016 йилгача ва 2017 йилдан 2021 йилгача бўлган вақт оралиқларини ўз ичига олади.
– Reforms.uz электрон платформасини яратиш жараёнида «Ривожланиш стратегияси» маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтининг мутахассислари ниҳоятда катта маълумот ҳажмини – ҳам давлат органларининг расмий рақамларини ва статистикасини, ҳам халқаро ташкилотларнинг ҳисоботларини, хорижий экспертлар ва фуқаролик жамиятининг баҳолашларини ўрганиб чиқди, – дейди «Ривожланиш стратегияси» марказининг ижрочи директори Элдор Туляков. – Эндиликда давлатимизнинг исталган фуқароси уни қизиқтирувчи муайян мавзу бўйича ислоҳотларнинг натижаси билан танишиб чиқиши мумкин. Платформадаги барча рақамлар эса таққосланувчи шаклда келтирилган. Ушбу платформада 2017–2020 йиллар учун Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ислоҳотларнинг асосий натижаларини акс эттириш билан бирга, уларнинг халқаро экспертлар томонидан баҳоланиши ҳам берилган. 70 дан ортиқ вазирлик ва идора ўз соҳалари бўйича статистик маълумотларни тақдим қилишди. Бизнинг олдимизда эришилган натижаларни содда ва тушунарли усулда кўрсатиш вазифаси турган эди – статистика, қуруқ рақамлар, мураккаб диаграммалар ва графикларнинг мураккаб тилини ҳар бир кишига – касб устасига ҳам, хорижий экспертга ҳам, оддий фуқарога ҳам тушунарли ва содда равишда изоҳлаш. Минглаб тақдим этилган ҳужжатлардан 400 та асосий кўрсаткични танлаб олдик ва уларни қулай, тушунарли қиёсий форматда акс эттирдик. Энди Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси бу натижалар билан шахсан танишиши ҳамда жорий этилган ташаббусларнинг даражасини баҳолаши мумкин. Reforms.uz – бу беш йиллик ислоҳотларнинг рақамларда, фактлар ва фикрлардаги кўринишидир.
Дарҳақиқат, ислоҳотлар ҳақида содда ва аниқ шаклга эга маълумотларни ўз ичига олган ягона электрон база қиёсий таҳлиллар асосида фойдаланувчида аниқ хулосаларга келиш имконини беради. Сайтда нафақат ҳар бир йўналишнинг асосий кўрсаткичлари, балки тегишли мавзуларга оид халқаро экспертларнинг видео мурожаат форматидаги фикрлари билан танишиш мумкин.
Платформанинг яна бир катта қулайлиги – у доимий равишда маълумот билан бойитилиб, янгиланиб борилади.
Манба: ЎзА