Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Санкт-Петербург билан ҳудудлараро ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари белгиланди
2021-10-11 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Санкт-Петербург шаҳри маъмуриятининг ташқи алоқалар бўйича қўмита раиси Е.Григорьев бошчилигидаги шаҳар маъмурияти ҳамда Санкт-Петербургнинг илғор компаниялари раҳбариятидан иборат делегацияни қабул қилди.
Учрашув чоғида савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар соҳаларда ҳудудлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари, меҳнат миграцияси соҳасидаги муносабатлар ҳамда қўшма тадбирларга тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.
Истиқболли инвестициявий лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш ҳамда бир томондан Санкт – Петербург шаҳри ва иккинчи томондан Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилояти тадбиркорлари орасидан бўлажак ҳамкорларни излашни назарда тутган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги ўртасида ташкил этилган “Лойиҳа офиси”нинг фаолияти доирасида ҳамкорлик қилиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Меҳнат миграцияси соҳасидаги муносабатлар масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, Россия томони ўзбекистонликларни Россияга ишлашга уюшган ҳолда жалб этишда ҳамкорлик қилишга ва уларнинг касбий малакасини оширишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди. Яқин вақт ичида мамлакатда фаолият кўрсатаётган “Моно-марказлар”нинг касбга тайёрлаш бўйича фаолиятига кўмаклашиш мақсадида россиялик тегишли мутахассисларнинг Ўзбекистонга ташрифлари ташкил этилади.
Санкт-Петербург шаҳри маъмурияти томонидан Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилояти ҳокимликлари билан биргаликда ҳудудлараро ҳамкорлик бўйича II Ўзбекистон-Россия форумида иштирок этишга тайёргарликнинг бориши ўрганилди. Хусусан, мавжуд масалалар муҳокама қилинди, тадбирни амалий мазмун билан тўлдириш бўйича навбатдаги чоралар режалаштирилди.
Учрашув давомида Россия томонидан Санкт-Петербург шаҳри маъмурияти ҳамда Ўзбекистон томонидан Тошкент ва Самарқанд вилояти ҳокимликлари ўртасида аниқ чора-тадбирлар, муддатлар ва ижрочилар белгиланган қўшма “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тўғрисида келишувга эришилди. Тегишли ҳудудлар раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия йиғилишларида ушбу “Йўл хариталари”нинг ижроси ҳақида мунтазам ҳисобот бериб борадилар.
Учрашув якунида шунингдек, ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон ва Россия вилоятлари ўртасида инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида икки мамлакат ҳудудий маъмуриятлари делегацияларининг ўзаро ташрифларини фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги