Португалияда яшаётган ватандошлар Ўзбекистон Президенти сайловида фаол иштирок этади
Мамлакатимизнинг Испаниядаги элчихонаси томонидан Португалиянинг Лейрия шаҳрида яшаётган ватандошлар иштирокида Ўзбекистон Президенти сайловига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.
Жорий йил 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Президенти сайловига тайёргарликнинг бориши, 2019 йилда қабул қилинган Сайлов кодекси ва миллий сайлов қонунчилигидаги янгиликлар, шунингдек, Португалиянинг Лейрия шаҳрида муддатидан олдин овоз бериш учун сайлов нуқталарини ташкил этилиши билан боғлиқ маълумотлар давра суҳбати иштирокчиларининг эътиборига ҳавола қилинди.
Шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик янгиланишлар жараёни, жумладан, Ўзбекистон Президенти сайлови миллий сайлов қонунчилиги талаблари ҳамда халқаро эътироф этилган тамойиллар, умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан очиқ ва ошкора ўтказилиши алоҳида қайд этилди.
Сиёсий партиялар фаолияти ва улар томонидан кўрсатилган номзодларнинг сайловолди дастурларининг мазмун-моҳияти ватандошларга тушунтирилди.
Мамлакатимиз фуқаролари билан мулоқот давомида элчихона ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаси фаолияти ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги