Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Энергетика вазири ЕТТБделегацияси билан учрашув ўтказди
2021-10-07 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 6 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султанов ЕТТБ бошқарувчи директори (барқарор инфратузилма гуруҳи) Нандита Паршад бошчилигидаги делегацияси билан музокаралар ўтказди.
Учрашув аввалида Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) делегацияси раҳбари таъкидлаганидек, Ўзбекистон айни пайтда пандемия билан боғлиқ мураккаб шароитларга қарамай, энергетика соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлиги бўйича минтақада етакчи ҳисобланади.
А.Султанов делегация аъзоларини қутлар экан, тендерларнинг биринчи босқичини якунлашда қўллаб-қувватлагани учун ЕТТБга миннатдорчилик билдирди. Шундай қилиб, сентябрь ойида Қорақалпоғистонда қуввати 100 МВт бўлган биринчи саноат миқёсидаги шамол электр станцияси қурилиши бўйича тендер ғолиби эълон қилинди. Ғолиб Саудия Арабистонининг “АCWА Power” компанияси бўлиб, электр энергияси тарифини бир кВт.соат учун 2.5695 АҚШ центни таклиф қилган.
2-босқич доирасида сентябрь ойида 3 та ўлчаш метеорологик устунларини ўрнатиш ишлари якунланди, улар келгусида 200 МВт қувватга эга шамол электр станцияси учун маълумотларни йиғади. Тендернинг биринчи босқичи 2022 йилнинг бошида бошланиши режалаштирилган.
Шунингдек, техник маслаҳатчилар ва ЕТТБ билан шамол станцияси дастурини ишлаб чиқиш учун янги жойларни аниқлаш бўйича музокаралар олиб борилмоқда (3-босқич).
ЕТТБ билан ҳамкорлик доирасида 2030 йилга қадар умумий электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажмини 30 ГВт гача ошириш мақсад қилинган. Шу билан бирга, электр энергиясининг камида 25 фоизи қайта тикланувчи энергия манбаларидан олинади (5 ГВт қуёш энергияси, 3 ГВт шамол ва 3,9 ГВт гидроэнергетика).
Музокаралар чоғида томонлар энергетика соҳасидаги янгиликлар, шу жумладан бошқа мамлакатларнинг энергияни сақлаш (аккумулятор) тизимларидан фойдаланиш тажрибаси, шунингдек қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этишда тармоқларни тартибга солиш соҳасидаги масалаларни муҳокама қилдилар. Энергетика вазирлиги тендерларни ўтказиш босқичида потенциал инвесторларга электр энергиясини ишлаб чиқариш ва сақлаш талабини жорий этиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади. Бугунги кунда бундай тажриба жаҳон амалиётида аллақачон мавжуд. Ушбу тажрибани ўрганиш мақсадида Энергетика вазирлиги, “ЎзМЭТ” АЖ ва Энергетика вазирлигининг марказий диспетчерлик бошқармаси мутахассислари учун семинарлар ташкил этиш таклиф қилинди.
Шунингдек, 500-600 МВт қувватга эга 500 кВ кучланишли Саримой-Жанкелди электр узатиш тармоғини қуриш лойиҳасининг бажарилиши кўриб чиқилди. Айни пайтда ЕТТБ билан ушбу лойиҳани молиялаштириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Музокаралар чоғида Энергетика вазирлиги, ИТСВ ва ЕТТБ ўртасида кам углеродли йўналиш бўйича имзоланган Меморандум доирасида амалдаги ишлар таҳлил қилинди. 2050 йилгача Ўзбекистонда кам углеродли электр энергияси ишлаб чиқариш секторини яратиш имкониятларини ўрганиш учун “йўл харитаси” ни ишлаб чиқиш мақсадида халқаро экспертлар консорциуми жалб этилди. Уларнинг таҳлилий ишлари 2050 йилга бориб Ўзбекистоннинг углеродсиз энергетика секторига ўтишнинг техник-иқтисодий мақсадга мувофиқлигини тасдиқлади.
Шунингдек, А.Султанов “Электр энергияси тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқиш бўйича амалга оширилган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди. Мазкур қонун лойиҳаси айни пайтда кўриб чиқиш учун Адлия вазирлигига тақдим этилган. Қонун ишлаб чиқилганда, ЕТТБ кўмагида халқаро маслаҳатчилар жалб қилинди.
“Янги қонун “тўғридан-тўғри фаолият қонуни” эканлиги муҳим ҳисобланади. Бу биз ислоҳотлар учун эмас, балки биринчи навбатда, бугунги кунда энергетика соҳасида зарур бўлган бозор механизмларини яратиш учун ислоҳотлар ўтказаётганимизни яна бир бор тасдиқлайди”, – деди вазир.
Қайд этилишича, бунга мамлакатнинг энергетика соҳасида аллақачон жорий қилинган бозор механизмларига, хусусан, 2017 йилдан буён биржа савдоси орқали амалга оширилаётган бензин сотуви мисол бўла олади.
Бозор иқтисодиёти шароитида энергетика соҳасининг янги воқеликларига мос келадиган қонунчилик базасини яратиш ишлари давом этмоқда. Хусусан, ЕТТБ нинг техник кўмаги билан янги ташкил этилган энергия бозори регуляторининг меъёрий ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун маслаҳатчилар танланмоқда.
Қайта тикланувчи энергия манбаларини саноат ва маиший даражада оммалаштириш – замонавий Ўзбекистоннинг энергетика соҳасида муҳим ўрин тутади. ҚТЭМ қурилмаларидан фойдаланадиган истеъмолчиларни, хусусан, ўз уй хўжаликлари учун рағбатлантириш тизими ишлаб чиқилган. Хусусан, қайта тикланувчи энергия манбаларига асосланган қуёш панеллари ва бошқа қурилмаларни ўрнатиш харажатларининг бир қисми қайтарилади. Бунда истеъмолчилар ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясини АСКУЭ тизимидаги “ақлли ҳисоблагич”лар орқали давлатга сотиши мумкин бўлади.
Музокаралар давомида томонлар мавжуд келишувлар доирасида ҳамкорликнинг кейинги босқичларини белгилаб олишди ва ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги