Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

UZINSURANCE: 9 ойлик натижалар, суғурта бозори ҳолати ва ўзгаришлар

2021-10-05 | Иқтисодиёт

Халқаро тажрибадан яхши биласизки, суғурта хизматлари иқтисодиётни турли хил молиявий хатарлардан ҳимоя қилувчи воситалардан бири ҳисобланади. Ривожланган мамлакатлар ялпи ички маҳсулотида ушбу соҳанинг улуши 10-15 ва ҳаттоки 20 фоизни ташкил этади.

Масалан, 2020 йил маълумотларига кўра, мазкур рақам Гонконгда 20,8%,  Тайванда  17,4%. Жанубий Кореяда 11,6%, Данияда 11% ташкил этади.  

Швейцариянинг Swiss Re Институти 2022 йил охирига келиб, дунё бўйича суғурта мукофотлари ҳажми 7 триллион долларлик рекорд кўрсаткич қайд этилишини башорат қилмоқда.  Мазкур институтнинг ҳисоботига кўра, 2022 йилда суғурта мукофотлари 3,9 фоизга ошиши тахмин қилинмоқда. 2021 йилда асосий бозорларда мукофот ўсиши Хитойда 6,3%, АҚШда 1,7%, Ғарбий Европада 2,8% ва ривожланаётган бозорлар учун 5,6% бўлиши кутилмоқда. Коронавирус пандемияси мазкур ўсишнинг муҳим омили сифатида кўрсатилмоқда. Бунда тиббий суғурта бўладими ёки корхоналар учун таъминот занжиридаги узилишларми, одамлар суғурта нима эканлигини ва инқироздан чиқишга ёрдам беришини англаб етишмоқда.  

Дунёда суғурта мукофотлари бўйича АҚШ, Хитой ва Япония 2020 йилда яна энг йирик суғурта бозорлари учлигига киритилган. Жаҳон бозорида жами суғурта мукофотлари 2,5 триллион АҚШ доллари бўлиб, ушбу давлатларнинг улуши қарийб 58 фоизни ташкил қилади.  

Ривожланган мамлакатларда суғурта хизматлари истеъмол саватчасидаги маҳсулотлардан бири ҳисобланади. Аҳолининг 80-90 фоизи уй-жойи, мол-мулки ва ҳаётини албатта суғурта қилдиради. Бу биринчи навбатда одамларнинг ўзлари учун фойдали бўлса, иккинчидан иқтисодиётнинг мустаҳкам бўлишига ҳам олиб келади.  

Айни пайтда мамлакатимиз суғурта бозорини ривожлантириш мақсадида кўрилаётган чоралар ҳам айнан ҳаётимизда суғуртанинг ўрнини мустаҳкамлаш, иқтисодиётимизнинг ажралмас таркибий қисмига айлантириш каби мақсадларни кўзда тутади.  

Маълумки, ҳар қандай соҳанинг ривожи унинг ҳуқуқий базаси мустаҳкамлигига боғлиқ. Бу борада кейинги йилларда айнан суғурта бозорини ривожлантириш мақсадида қабул қилинган Президент қарор ва  фармонларини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз. Хусусан, 2019 йилнинг 2 августида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва унинг жадал ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорни соҳадаги ўзгаришларга туртки бўлган муҳим ҳужжат бўлди.  

Мазкур қарорда суғурта соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, шу жумладан халқаро ташкилотларнинг стандартлари ва тавсияларини ҳамда ушбу соҳадаги энг яхши жаҳон тажрибаларини изчил жорий этиш, суғурта бозори профессионал иштирокчиларининг капиталлашув даражасини, тўлов қобилияти ва молиявий барқарорлигини ошириш, уларнинг активлари сифатини яхшилаш, шунингдек, суғурталовчиларнинг инвестиция фаолиятини ривожлантириш, суғурта хизматлари истеъмолчилари ва суғурта фаолиятининг бошқа субъектлари ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, аҳолининг суғурта саводхонлигини ва суғуртага бўлган ишончини ошириш, суғурта бозорининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш каби соҳани тубдан такомиллаштиришга қаратилган муҳим вазифалар ўрин олган. Шу билан бирга янги инновацион суғурта маҳсулотларини жорий этиш ва талаб юқори бўлган анъанавий маҳсулотларни ривожлантириш орқали кўрсатилаётган суғурта хизматлари ҳажмларини, турларини кенгайтириш ва сифатини ошириш, суғурта фаолиятини ташкил этиш ва тартибга солиш соҳасида замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш, суғурта хизматларининг электрон турларини фаол жорий этиш ва ривожлантиришга қаратилган чоралар бугун мамлакатимиз суғурта бозоридаги вазиятнинг ўзгаришига олиб келди.  

“UZININSURANCE”  яъни, “Ўзагросуғурта” АЖда ҳам ушбу қарорда белгиланган вазифалар ижросига эътибор қаратилган бўлиб, унинг бандларида назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалдаги ижроси таъминланди.

Бизнинг фаолиятимизни ривожлантиришда яна бир ҳужжат муҳим ўрин тутди. У ҳам бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2020 йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бўлиб, ҳужжат асосида компанияда трансформация жараёнлари амалга оширилмоқда.

Трансформация доирасида “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамиятининг суғурта бозоридаги мавқеини ошириш, хусусан молиявий соғломлаштириш, операцион самарадорликни янада яхшилаш мақсадида 2021-2023 йиллар учун ривожланиш стратегияси ишлаб чиқилди.

Компанияда ребрендинг ўтказилиб, халқаро суғурта бозорида ишончли ва барқарор имижни шакллантириш учун янги ном ва логотип танлаб олинди. Айни пайтда компания “UZINSURANCE” — товар ва хизмат кўрсатиш белгиси остида фаолият олиб бормоқда.  

Компания фаолиятини ислоҳ этишда асосий урғу "Ҳар бир мижоз муҳим, унинг манфаатлари устувор" тамойилига қаратилганилигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Истеъмолчилар манфаатини ҳимоя қилишда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш хизмат кўрсатишнинг бош мезони қилиб белгиланган.

Компанияни халқаро даражага олиб чиқиш, кўрсатилаётган хизматлар географиясини кенгайтириш чоралари ҳам кўрилмоқда. Жумладан,  “Ўзағросуғурта” АЖ молиявий хўжалик фаолияти “Делойт” (Deloitte) ва “Грант Торнтон” (Grant Thornton) каби дунёдаги етакчи аудиторлик компаниялари томонидан халқаро аудит стандартлари асосида текширувдан ўтказилди ва ижобий хулосалар олинди.  

Инвестициявий жозибадорликни ошириш, мижозлар ишончини оқлаш мақсадида кўрилаётган чоралар туфайли компания мана учинчи йил кетма-кет “Фитч” (Fitch) халқаро рейтинг агентлигининг “BB-” барқарор рейтингига эга бўлди.  

Бундан ташқари компания суғурта портфелини диверсификациялаш юзасидан дунёнинг етакчи қайта суғурта бозорлари жумладан, Lloyd’s суғурта бозори (Лондон), АҚШ, Россия қайта суғурта компаниялари билан ҳамкорликда облигатор қайта суғурта дастурларини кўриб чиқиш ва мақбулларини танлаб олган ҳолда облигатор қайта суғурта хизматлари жорий қилинмоқда.

“Ўзагросуғурта” АЖда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини замон талабларига мослаштириш мақсадида фаолиятга ахборот коммуникация технологиялари кенг жорий этилмоқда. Хусусан, Жамият тизимида онлайн кўрсатилаётган умумий суғурта хизматлари қамров даражасини оширишга мўлжалланган “Online Polis” ахборот тизими ишлаб чиқилди. Унда, 9 та ихтиёрий суғурта тури бўйича Е-полис сотиб олиш имконияти мавжуд. Шу билан бирга, ягона ахборот тизимини жорий қилиш бўйича “Uzagros Online” дастурий таъминоти тизими ишлаб чиқилган. Бу орқали барча суғурта шартномаларини мониторинг қилиб таҳлил қилиш мумкин.  

Компания суғурта бозорида етакчи мавқега эга бўлиб, 140 дан ортиқ суғурта турлари бўйича 14 та филиал ҳамда 210 та суғурта марказлари аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда.  

“Ўзагросуғурта” АЖ томонидан 2018 йилда 178,8 млрд сўм, 2019 йилда 252,0 млрд сўм, 2020 йилда 176,5 млрд сўм, 2021 йилнинг ўтган 9 ойида 177,6 млрд сўм суғурта мукофотлари йиғилган. Суғурта мукофотларининг аксарият қисми ихтиёрий суғурта турларига тўғри келади.

Қабул қилинган суғурта мажбуриятлари 2018 йилда 64,9 млрд сўм, 2019 йилда 97,7 млрд сўм, 2020 йилда 91,5 млрд сўм,  2021 йил ўтган даври мобайнида 28,7 млрд сўм суғурта товонлари амалга оширилган.

Ўз навбатида, юқоридаги кўрсаткичлардан келиб чиқиб, суғуртанинг зарарлилик кўрсаткичи (суғурта товонининг суғурта мукофотидаги улуши) 2018 йилда 36,3 фоизни, 2019 йилда 38,8 фоизни, 2020 йилда 51,8 фоизни ташкил қилди. Бу кўрсаткич 2021 йил 9 ойи давомида 16,2 фоизни ташкил этади.  

Жамият томонидан 2021 йил ўтган даврида 780 мингдан ортиқ суғурта шартномалари расмийлаштирилган.  

Компаниянинг инвестиция портфели 2018 йил 114,4 млрд сўм, 2019 йилда 158,8 млрд сўм, 2020 йил 167,8 млрд сўм, 2021йил 9 ойида 163,6 сўмни ташкил этди.

Манба: ЎзА

Поделиться