Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қайта тикланувчи энергия ҳажмини башорат қилиш тизимини яратиш масалаларига бағишланган халқаро анжуман ўтказилди
2021-10-05 | Инновация
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Энергетика вазирлиги ва USAID агентлигининг “Келажак энергияси” билан ҳамкорликда олиб борилаётган "Ўзгарувчан қайта тикланувчи энергия манбаларининг республика энергия тизимига таъсирини ўрганиш" лойиҳаси доирасида хорижий экспертлар иштирокида тадбир ўтказилди.
Тадбирда вазирликнинг Тармоқ корхоналарида инновацион экотизимни шакллантириш бошқармаси, Энергетика вазирлиги, "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ, “Энергия” ҳудудий координацион-диспетчерлик маркази, “Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш” филиали мутасадди раҳбарлари, мутахассислари, Фанлар академиясининг Физика-техника ва Материалшунослик институтлари, Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти, Тошкент давлат техника университети олимлари иштирок этдилар.
Анжуман давомида электр энергиясини ишлаб чиқарилишини автоматик тарзда ҳисобга олиш, маълумотлар базасини ҳамда қуёш ва шамол манбаларидан ишлаб чиқарилаётган энергия миқдорларини башоратлаш тизимини яратиш масалалари кўриб чиқилди. Қайта тикланувчи энергия манбалари асосида ишлайдиган янги электр станциялари ишга туширилаётганини инобатга олиб, юқорида кўрсатилган масалалар бўйича ечимлар келажакда мамлакат энергия тизимни барқарор ишлашига ёрдам беради.
Инновацион ривожланиш вазирлиги қайта тикланувчи энергияни башоратлаш тизимини жорий этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш учун манфаатдор вазирлик ва идораларни жалб қилишда ташаббус кўрсатмоқда. Электр энергиясини ишлаб чиқаришни аниқ режалаштириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларини мавжуд энергия тизимига самарали интеграция қилиш мақсадида табиий-иқлим шароитларини инобатга олган ҳолда қайта тикланувчи энергияни башоратлаш тизимини қўллаш хорижда стандарт амалиёт ҳисобланади.
Тадбир давомида қайта тикланувчи энергияни ишлаб чиқиш миқдорини башоратлаш тизими хорижий давлатларда самарали жорий этилиши амалиётининг асосий натижаларининг таҳлили ўтказилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги