Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Олий Мажлис Сенати раиси ва Жаҳон банки вице-президенти икки томонлама ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди
2021-09-30 | Сиёсат
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева кеча Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича вице-президенти Анна Бьерде билан учрашди.
Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, томонлар ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шу жумладан, қишлоқ жойларда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди.
Ўзбекистоннинг Жаҳон банки билан конструктив ҳамкорлиги мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган туб ўзгаришлар натижасида янгича тус олгани алоҳида таъкидланди.
Жаҳон банки раҳбари пандемияга қарамай, Ўзбекистон иқтисодий ўсиш кузатилаётган дунёдаги кам сонли давлатлардан бири эканини таъкидлади.
Анна Бьерде сўнгги 5 йилда амалга оширилган самарали ислоҳотлар туфайли республика COVID-19 пандемиясига муваффақиятли қарши кураша олгани ҳамда кейинги муҳим ўзгаришлар учун барқарор замин яратганини таъкидлади. Жаҳон банки лойиҳалар ва дастурлар орқали бу йўлда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.
Бундан ташқари, томонлар 2021-2022 йилларда ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ жойларда тадбиркорликни ривожлантириш дастурларини давом эттириш ва инсон капиталини оширишда Банк томонидан таклиф этиладиган истиқболли лойиҳаларни ҳам муҳокама қилди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканини билдирди. Ўзбекистондаги ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга Жаҳон банкининг ҳам тайёр эканлиги таъкидланди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги