Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Миллий мониторинг ўтказилади

2021-09-24 | Жамият

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясида “2021 йилги пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароит яратилишини назорат қилиш, мавсум давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан миллий мониторингни ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида” мавзуида брифинг ўтказилди.

Унда таъкидланганидек, кейинги йилларда Ўзбекистон Републикаси Президенти бошчилигида инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш, ижтимоий-меҳнат муносабатларини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган туб ислоҳотлар ва саъй-ҳаракатлар натижасида юртимизда болалар меҳнатига бутунлай барҳам берилди, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида муҳим қарорлар қабул қилиниб, уларнинг ижроси юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда, соҳада салмоқли ютуқларга эришилмоқда.

Куни кеча бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида мамлакатимиз раҳбари ўз нутқида мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ва жадал демократик ислоҳотлар бугунги кунда ортга қайтмас тус олганини, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоялаш демократик ислоҳотларимизнинг асосини ташкил этаётганлигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, бошлаган ислоҳотлар йўлини изчил давом эттириш мақсадида Янги Ўзбекистон стратегияси ишлаб чиқилганлигини қайд этди. 

Ҳақиқатдан ҳам сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, айниқса, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва мавжудлари қайта кўриб чиқилди. Биргина 2020 йилнинг ўзида одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича и фаолиятни тизимга солиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида 19 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан, 5 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та фармони, 6 та қарори, Ҳукуматнинг 3 та қарори қабул қилинди.

Мажбурий меҳнатга барҳам бериш мақсадида миллий қонунчилигимизга маъмурий жавобгарликни кучайтирувчи ҳамда жиноий жавобгарликни белгиловчи нормалар киритилиб, унга кўра маъмурий жавобгарлик чоралари базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача оширилди. Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, мана бир неча йилдирки, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шароит яратилиши, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан миллий мониторинг ўтказиб келинмоқда.

Брифингда жорий йилда ҳам миллий мониторингни ўтказиш режалаштирилгани, у 24 сентябрдан 31 октябргача давом этиши тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. Ташкилотчилар томонидан қайд этилганидек, миллий мониторинг Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси, Вазирлар Маҳкамаси ва Ижтимоий меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссиясининг мажлис баёнлари билан тасдиқлаган чора-тадбирларга  асосан ўтказилади.

Бу йилги миллий мониторинг Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси (ЎзННТМА)га аъзо бўлган фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида ўтказилади. Шунингдек миллий мониторингда иштирок этиш учун чет эл касаба уюшмалари марказлари вакиллари ҳам таклиф этилган.

Миллий мониторингни ўтказишдан асосий мақсад  пахта йиғим-терими ишларида 18 ёшга тўлмаган шахсларнинг, ўқувчи ва талабаларнинг, бюджет ва нобюджет ташкилотлари ходимларининг мажбурий меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги юзасидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун етарли яшаш ва меҳнат шароитлари яратилганини баҳолашдир. Шу билан бирга  қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хом ашёси учун биринчи теримда – 1200 сўмдан, иккинчи теримда – 1500 сўмдан кам бўлмаган миқдорда меҳнат ҳақи тўланишини  назорат қилиш, пахта-тўқимачилик кластерлари, фермер хўжаликлари ходимлари билан меҳнат шартномаси, фуқаролар билан мустақил равишда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат ва фуқаролик-ҳуқуқий шартномалари тузилганлигини назорат қилиш, теримчилар бирлашган жамоаси (отряди) ва пахта-тўқимачилик кластерлари, кооперациялар ёки туман фермерлар кенгаши ўртасида хизмат кўрсатиш тўғрисида шартномалар тузилганлигини назорат қилиш ҳамда аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш чораларини кўришга ҳам жиддий эътибор қаратилади.

Миллий мониторинг жараёнида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси йиғилиш баёни билан тасдиқланган “2021 йил пахта ҳосилини нес-нобуд қилмасдан уюшқоқлик билан йиғиб-териб олишни ташкил этиш бўйича “Вақтинчалик тартиб” ва Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси йиғилиши баёни билан тасдиқланган “Тавсиялар”га риоя этилиши ҳам ўрганилади.

Мониторингни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан ҳудудий мониторинг гуруҳлари тузилиб, уларнинг таркибига тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашларининг раҳбар ва масъул ходимлари, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг ҳудудий кенгашлари меҳнат техник инспекторлари, шунингдек, келишилган ҳолда Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг жойлардаги аъзо ташкилотлари вакиллари киритилди.

Мониторингда ҳар бир ҳудудда 5 нафардан республика бўйича жами 65 нафар киши иштирок этади. Жорий йилда ўтказиладиган миллий мониторинг ўтган йилларга нисбатан янада такомиллаштирилган ҳолда ташкил этилмоқда. Яъни иш самарадорлигини ошириш, қулай меҳнат шароити яратиш мақсадида мониторинг ўтказиш ишчи гуруҳлари таркибидаги касаба уюшмаси ходимлари мониторинг жараёнида фойдаланиш учун махсус кийим бош, ишчи гуруҳ раҳбарлари интернет тармоғига уланган планшетлар билан таъминланди. Миллий мониторингни сифатли ўтказиш мақсадида унинг услубиёти такомиллаштирилди. Хусусан, “Мониторинг гуруҳларининг жойларда ҳаракатланиш кетма-кетлиги”, “Мониторингда интервью олиш саволномаси”, “Пахта йиғим-терими иштирокчилари учун яратилган шарт-шароитларни баҳолаш бўйича саволнома” ва ахборот бериш шакллари ишлаб чиқилди.

Брифингда таъкидланганидек, агар мониторинг жараёнида далада пахта тераётган вояга етмаган шахслар аниқланса, уларни зудлик билан даладан олиб чиқиш ва ўқув даргоҳига ёки уйига етказиш чоралари кўрилади. Бу ҳақда далолатнома тузилиб, меҳнат инспекциясига чора кўриш учун тақдим этилади. Мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолатлари аниқланган ҳолда эса зудлик билан касаба уюшмаларининг инспектори томонидан вазият ўрганилади ҳамда лалолатнома тузилиб, уларни иш жойларига қайтариш чоралари кўрилади. Шу билан бирга ҳудудий “Қайта алоқа механизми” вакилларига хабар  берилади.

Ушбу жамоат ташкилотининг  матбуот хизмати маълумотига кўра,  Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг қайта алоқа механизми ходимлар меҳнат ҳуқуқлари поймол этилишининг олдини олишга қаратилган бўлиб, у мавсум давомида узлуксиз равишда кечаю кундуз ишлайди. Бунинг учун Федерация Юридик клиникаси ва унинг ҳудудлардаги бўлинмаларида касаба уюшмалари вакилларининг доимий навбатчилиги ташкил этилган. Келиб тушган мурожаатларни тезкорлик билан кўриб чиқиш мақсадида эса 10-92 қисқа рақамли “Ишонч телефони”, интернет сайтлар, телеграмм ижтимоий тармоғи имкониятларидан кенг фойдаланилади.

Миллий мониторинг жараёнида ўрганиш натижаларини ошкор этмаслик тамойилига амал қилинади ҳамда мониторинг якунлари декабрь ойида Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказиладиган давра суҳбатида эълон қилинади.

Манба: ЎзА

Поделиться